Бамбукдан ишланган мебеллар харидоргир
Пойтахтимиздаги “Ratan-Asia” масъулияти чекланган жамиятида бамбукдан уй интерьерлари, ётоқхона, меҳмонхона, болалар хонаси мебеллари, дала-ҳовли безаклари ишлаб чиқарилмоқда.
Пойтахтимиздаги “Ratan-Asia” масъулияти чекланган жамиятида бамбукдан уй интерьерлари, ётоқхона, меҳмонхона, болалар хонаси мебеллари, дала-ҳовли безаклари ишлаб чиқарилмоқда. Бу жиҳозлардан ҳар ким ўз дидига кўра, тўплам қилиб олиши ёки дизайнерлар томонидан ишланган мебель гарнитурини танлаши мумкин. Корхонада харидорлар талабидан келиб чиқиб буюртма асосида мебеллар ясалади.Тез ўсиб, кам меҳнат талаб қиладиган бамбук ўсимлигининг илдизидан тортиб баргигача турли хил воситаларда фойдаланиш мумкин.
Бамбук ёғочи чидамлилиги билан алоҳида ажралиб туради. Ундан ясалган мебелларнинг афзал томони ҳам шунда. Бамбукдан ясалган мебеллар енгил бўлишига қарамай, жуда чидамли, сувга, оловга бардошли ҳисобланади. Бамбукдан ишланган стол, стул жамланмалари сув ёки қуёш нури таъсирида ҳам ўзгармайди. Бамбук ёғочи микробларга қарши курашиш хусусиятига эга бўлиб қурт-қумурсқалар, турли кассалликлар натижасида емирилмайди.
– Президентимиз раҳнамолигида ишбилармонлар учун яратилган имтиёз ва қулай шароит самарали меҳнат қилишимизда асос бўлмоқда, – дейди “Ratan-Asia” масъулияти чекланган жамияти директори К.Яфуняев. – 2009 йилда ташкил топган корхонамиз аввалига хориж мамлакатларидан уй интерьерлари, мебеллар – тайёр махсулотларни олиб келиб, сотиш билан иш бошлаган. Ҳозирги кунда Индонезиядан бамбук ёғочини олиб келиб, халқимизнинг талаб ва таклифи асосида турли мебель ва уй жиҳозлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик.
Корхонада ўндан зиёд ёшлар иш билан банд. Бамбукдан ясалган мебеллар аҳоли ўртасида тобора харидоргир бўлмоқда. Ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий қилиш, пухта ўйланган маркетинг сиёсати самарасида маҳсулот сифати яхшиланиб, ҳажми ошмоқда.
Ҳозирги кунда корхона Индонезиянинг “Wisanka” ва “Ekobambuk” сингари йирик фирмалари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Корхона мебеллари “MebelExpo Uzbekistan – 2016” кўргазмасида эътироф этилиб, диплом билан тақдирланди.
Бамбук юмшоқлиги, чидамлилиги учун унга ўймакорлик асосида безак бериш мумкинлигини ёш усталар амалиётда синаб кўрди. Бамбук ёғочига миллий услубда нақш ўйилгани боис маҳсулотлар янада чиройли ва кўркам бўлмоқда.
Корхонанинг пойтахтимизда очилган “Бамбук мебель” савдо мажмуасида юртимизда ишлаб чиқарилаётган мебеллар билан бирга тик, какос дарахтлари ҳамда денгиз ўтларидан ясалган ўзига хос услублардаги мебелларни харид қилиш мумкин.