Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 18 августда “Балиқчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун сув ҳавзаларидан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш ҳамда балиқ овлаш ва сув бўйи туризми масканларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, 2023 йил 1 октябрдан давлатга тегишли табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) – балиқни саноат усулида етиштириш, овлаш ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мақсадлар учун табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) ҳамда дарё атрофидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари аукцион орқали ижарага берилади.
Аукцион “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали онлайн амалга оширилади.
Шунингдек, сув бўйида пляж зоналарини ташкил этиш, спорт-ишқибозлик туридаги балиқ овлаш, балиқ ови, қайиқда сузиш ва сув саёҳати бўйича хизматлар кўрсатиш бўйича имкониятлар яратилади.
Балиқ маҳсулотлари, шу жумладан, балиқ таомлари савдоси, умумий овқатланиш ва бошқа туризм хизматларини ташкил этиш ҳамда ушбу мақсадларда енгил конструкцияли қурилмаларни (ўтов лагерлари мажмуаси, контейнерларни) жойлаштириш учун ерлар аукцион орқали ижарага берилади.
Қарорга кўра, 2024 йилда республикада 900 минг тонна балиқ етиштириш, 35 минг 240 гектар сунъий сув ҳавзаларини интенсивлаштириб, 513 минг 600 тонна балиқ етиштириш, 9 минг хонадонда интенсив усулда балиқ етиштириш йўлга қўйилади.
2024 йил 1 январдан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида аҳоли ва тадбиркорларга балиқчилик лойиҳаларини амалга ошириш учун 50 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади.
ЎзА