Балиқчилик сердаромад соҳа
“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ва Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Навбаҳор туманида балиқчилик хўжаликларининг фаолияти ҳамда амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишиш мақсадида пресс тур ташкил этилди.
Бугунги кунда Навоий вилоятида 251 та балиқчилик хўжалиги фаолият юритиб келмоқда. Уларнинг 250 таси 1743 гектар сунъий сув ҳавза майдонларида ва 1 таси 21673 гектар табиий сув ҳавзасида ташкил этилган.
– Ўтган 2023 йил давомида вилоятдаги барча хўжаликлар томонидан 14,7 минг тонна балиқ етиштирилди, – дейди “Навоийбалиқсаноат” МЧЖ раҳбари Панжи Рўзиқулов. – 2019 йилда Венгрия давлатидан 390 дона ота-она карп балиқлари олиб келинган эди. Айни пайтда вилоятдаги балиқчилик хўжаликларида ана шу навли балиқлар етиштирилмоқда. Соҳани янада ривожлантириш мақсадида интенсив усулда балиқ етиштириш технологиялари жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада 1 гектар майдонда балиқ етиштириш ҳосилдорлиги 10 баробаргача оширилди. Ҳозирда жами 380 гектардан ортиқ майдонлар интенсивлаштирилди.
Бугунги кунда Навбаҳор туманида 140, Қизилтепа туманида 100, Нурота туманида 50, Конимех туманида 30, Хатирчи туманида 45 ва Кармана туманида 15 гектар сунъий сув ҳавзалари қайта реконструкция қилиниб, интенсив усулда балиқ етиштирилмоқда.
[gallery-19364]
Дастлаб Қизилтепа туманидаги “GOLDEN LAKE FISH” МЧЖ томонидан қуввати 140 миллион дона личинка ишлаб чиқаришга ихтисослашган инкубация цехи ишга туширилган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 6 тага етказилиб, қуввати 252 миллион донани ташкил этмоқда. Шунингдек, 592 гектар майдонда 40 миллион дона балиқ чавоқлари етиштиришга ихтисослашган репродуктор ҳавзалар ишга туширилган.
Ўтган давр мобайнида вилоятда умумий қиймати 29,1 миллиард сўм бўлган 7 та балиқчилик лойиҳалари амалга оширилиб, 167 та янги иш ўрни яратилган. Ушбу ишларни тизимли ташкил этиш ҳисобига 2024 йилда балиқ етиштириш ҳажми 35 минг тоннага етказилиши режалаштирилган.
Пресс тур иштирокчилари Навбаҳор туманида жойлашган “Навбаҳор голден фиш” балиқчилик хўжалигида интенсив усулда балиқ етиштириш жараёни билан танишди.
– Хўжалигимиз жорий йилда ташкил этилган бўлиб, ярим интенсив усулда балиқ етиштирилади, – дейди Шуҳрат Давронов. – Бу ерлар ташландиқ ерлар эди. 25 гектар майдонда балиқчилик хўжалигини ташкил этдик. Унинг 5 гектари экин учун, 20 гектари балиқчиликни ривожлантириш учун мўлжалланган. 4 та янги иш ўрни яратилган. Ҳозирда хўжаликнинг 7,5 гектар майдонида ташкил этилган 7 та ҳовузда Хитой технологияси асосида сазан ва оқ дўнгпешона балиқлари етиштирилмоқда. Бир йилда 2 марта балиқ етиштирилиб сотилади. Жорий йилда 50 тонна балиқ етиштириш режалаштирилмоқда. Хўжаликнинг тўлиқ қувватда ишга туширилиши 500 тонна балиқ етиштириш имконини беради.
Пресс тур иштирокчилари супер интенсив усулда балиқ етиштираётган “Яшил орол” балиқчилик хўжалигида бўлди. Мазкур хўжалик 2022 йилда ташкил этилган бўлиб, йил давомида 2 маротаба ҳосил олиш имконияти мавжуд.
– Хўжалигимизда асосан сазан ва оқ дўнгпешона балиқлари етиштирилади, – дейди балиқчилик хўжалиги директори Маъруфжон Каримов. – Хўжаликда 8 та янги иш ўрни яратилган бўлиб, 16 гектар майдонда балиқ кўллари ташкил этилган. Ҳар бир кўлда аэротерлар ўрнатилган бўлиб, сувни кислород билан таъминлайди. Албатта бу ускуналар электр токи билан ишлайди. Шунинг учун 6 гектарлик майдонимизга 80 квт/соат, 10 гектарлик майдонимизга эса 160 квт/соат қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилган. Айни пайтда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг эҳтиёжимиздан ортиқча 30 фоизини сотмоқдамиз.
Пресс тур давомида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари