Баландпарвоз гаплар, жимжимадор рақамлар билан тиббиётни ривожлантириб бўлмайди
Кейинги уч йил ичида қарийб барча соҳада янгиланишлар бўлди, ислоҳотлар шиддатига мос қадам ташлаш, фаолиятда жонланиш кузатилди.
Кейинги уч йил ичида қарийб барча соҳада янгиланишлар бўлди, ислоҳотлар шиддатига мос қадам ташлаш, фаолиятда жонланиш кузатилди. Айниқса, тиббиётни ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада ошириш борасида қилинаётган ишлар диққатга молик бўляпти. Тизимдаги муаммолар комплекс ўрганилиб, уларга ечим топишга эътибор кучаймоқда.
Айни йўналишда, ўз навбатида, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар учун масъул этиб белгиланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳам масалага дахлдорлик ҳисси билан парламент назоратининг барча таъсирчан шаклларидан унумли фойдаланяпти.
Бироқ жойларда халқимиз билан ўтказилаётган учрашувлар, сайловчиларимизни қийнаётган муаммоларини ўрганишлар мобайнида мазкур соҳада ҳали ҳам қатор муаммолар сақланиб тургани ойдинлашмоқда, кўплаб камчиликлар мавжудлиги яққол кўзга ташланяпти.
Биз депутатлар ўтган йили ҳам, ҳозир ҳам республикамиз бўйича олиб борилган ўрганишларга асосан аниқланган камчилик ва муаммоларни бир неча бор Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбариятига, қолаверса, тегишли вазирлик ва идоралар олдига қўйдик, бу борадаги ишлар ҳали ҳам давом этмоқда. Аммо шунга қарамай, аксарият масалалар ечилишида ижобий натижа, олдинга силжиш сезилмаяпти.
Хусусан, мамлакатимизнинг аксарият туман ва шаҳарларида шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари ташкил қилинган бўлиб, уларнинг нормативлари, яъни шифо ўринлари (койка) сони номутаносиб ҳолда белгиланган. Бунда аҳоли сони ва касалланиш ҳолати ҳисобга олинмасдан қолмоқда. Масалан, 171 минг аҳоли мавжуд бўлган Ғаллаорол тумани тиббиёт бирлашмасининг реанимация бўлимида ҳам, 46 минг аҳоли яшайдиган Зафаробод тумани реанимация бўлимида ҳам шифо ўринлари (койка) сони 6 та этиб белгиланган. Ёки Амударё тумани аҳолиси 195 минг нафар бўлиб, шошилинч тиббий ёрдам (ШТЁ) бўлимига 40 та койка ажратилган бўлса-да, 481 минг аҳолиси бўлган Ургут туманида ШТЁ шифо ўринлари (койка) 30 тани ташкил этади.
Бу эса, айрим тиббиёт муассасаларида кўплаб тирбандлик келиб чиқиши ва аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Мазкур муаммо Соғлиқни сақлаш вазирлиги олдига шифо ўринларини (койка) хатловдан ўтказиб, таҳлил қилиш, Молия вазирлиги билан биргаликда янги ишлаб чиқилган нормативларни тасдиқлаш ва ҳаётга жорий этиш вазифасини қўйиши табиий эди. Бироқ ушбу вазифа вазифалигича қоляпти, депутатларнинг жон куйдиришлари фойда бермаяпти.
Мана шундай реал муаммолар, камчилик ва ечилиши зарур бўлган масалалар соҳанинг Президентимиз қўяётган талаблар асосида ривожланишига тўсқинлик қиляпти. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари эса, назаримизда, амалий ишлар билан бирга, асосан баландпарвоз гаплар, жимжимадор рақамлар ортидан қувиш билан банд бўлиб қолмоқда.
Жамшид ПИРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.