“Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимов Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашувидан сўнг Марғилон шаҳридаги вилоят 2-сон туманлараро фтизиатрия диспансерида бўлиб, шифокорлар билан суҳбатлашди. Шифохонанинг моддий техник базаси, беморларга яратилган шароитлар билан танишди. Тиббиёт вакилларининг меҳнат фаолиятини рағбатлантириш, ишлаш тартибида самарадорликка эришишга қаратилган таклифларини берди.
– Дарддан азоб чекаётган беморлар учун шифокордан яқин инсон бўлмаса керак, – дейди номзод Баҳром Абдуҳалимов.–Уларнинг самарали муолажаси, самимияти, ширин сўзи уларнинг ҳаётга бўлган умидини беради. Шифокорлар нафақат дори-дармон билан балки, сўз билан ҳам даволайдилар. Шу жиҳатдан олиб қаралса, шифохонада маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш муҳим вазифаларимиздан бири бўлмоғи керак.
Шунингдек, номзод Марғилон шаҳридаги Рақамли технологиялар марказида ёшлар билан учрашиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. Бугунги кунда ахборот технологияларини ҳаётга тадбиқ этиш муҳим эканлиги алоҳида қайд этилди.
М. Сулаймонов,
М. Қодиров (сурат), ЎзА