“Баҳор маликалари” веломарафони ўтказилади
Ҳаракат ва жисмоний фаоллик инсон саломатлиги гарови экани барчамизга аён. Айниқса, велосипедда сайр қилиш ёки спортнинг ушбу тури билан шуғулланиш юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлайди, чидамлиликни оширади, нафас олишни яхшилайди, кундалик стресс ва чарчоқларни самарали енгишга ёрдам беради. Мамлакатимизда аҳолини, хусусан, ёшларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб этиш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришга давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам шундан.
Бу борада куни кеча қабул қилинган навбатдаги муҳим ҳужжат соҳа тараққиётида янги босқични бошлаб беради. Аниқроқ қилиб айтганда, “Велосипед спорт турларини янада оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори велоспортни янги босқичга кўтаришга қаратилгани билан аҳамиятли.
Қарорга мувофиқ, велосипед спорт турларини янада оммалаштириш ва ривожлантиришнинг 2030 йилга қадар қуйидаги асосий мақсадлари белгиланди:
– мамлакатимизда велоспорт билан оммавий шуғулланувчи аҳоли қамровини 30 минг нафарга етказиш;
– велоспорт бўйича Осиё қитъаси миқёсидаги мусобақаларда миллий терма жамоанинг энг юқори кўрсаткичга эга 3 таликка киришини таъминлаш;
– велоспорт бўйича Олимпия ўйинларига лицензиялар сонини ошириш ва медаллар учун курашиш ва бошқалар.
Шунингдек, 2027 йил мартдан бошлаб аҳолини велоспорт турлари орқали соғлом турмуш тарзига кенг жалб қилиш мақсадида қуйидаги спорт мусобақалари ва тадбирлари анъанавий тарзда ўтказиб борилади:
– олий таълим ташкилотлари талабалари ўртасидаги “Талабалар кубоги” велоспорт мусобақалари;
– зарур инфратузилмага эга бўлган умумий ўрта таълим муассасаларида юқори синф ўқувчилари ўртасидаги “Директор кубоги” велоспорт мусобақаси;
– ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида “Сенинг имкониятинг” паравелоспорт мусобақаcи;
– тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари ўртасида “Янги Ўзбекистон” велоспорт мусобақаси;
– 8 март – Хотин-қизлар куни байрами доирасида аёллар ўртасида “Баҳор маликалари” веломарафони;
– “22 сентябрь – Автомобилсиз кун” акцияси доирасида аҳоли ўртасида “Саломатлик сари йўл” веломарафони.
Шу билан бирга, қарорга кўра, Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернати фаолияти велоспорт бўйича иқтидорли спортчиларни тайёрлаш ва уларни терма жамоаларга етказиб беришга йўналтирилади.
Бундан ташқари, қуйидаги муҳим вазифалар белгиланди.
2027/2028 ўқув йилидан Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернатида паравелоспорт йўналишидаги ўқувчилар қамрови мактаб-интернатнинг умумий контингенти доирасида 20 фоизга етказилади. Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернатининг умумий контингенти 6-11-синфлардан иборат бўлган 100 нафар ўқувчи-спортчидан иборат миқдорда сақлаб қолинади. “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақалари доирасида велоспорт бўйича спорт мусобақалари ўтказиб борилади. 2027/2028 ўқув йилига қадар Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернати томонидан Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси билан биргаликда умумтаълим мактаблари ўқувчилари фойдаланадиган видео-маҳсулотлар яратилади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2027 йил мартдан бошлаб тажриба-синов тариқасида “Тошкент тажрибаси” сифатида ҳудуддаги зарур инфратузилмага эга бўлган умумтаълим мактабларини 2027-2028 йилларда босқичма-босқич велосипедлар билан таъминлаш ва тренерлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш амалиёти жорий этилади.
Бундай кенг кўламли чора-тадбирлар – соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларни спортга кенг жалб этиш ҳамда халқаро майдонларда юқори марраларни забт этишда муҳим.
ЎзА