Баҳодирлар ўйинида Ўзбекистон чемпионлари аниқланди
Пойтахтимизда баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш бўйича Учтепа тумани ҳокими соврини учун ташкил этилган Ўзбекистон чемпионати томошабинларга катта спорт завқини, спортчиларга ўз куч-қудратини яна бир карра синовдан ўтказиш имконини тақдим этди.
Ўзбекистон Баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш федерацияси томонидан ташкил этилган оммавий спорт тадбири байрамона кўринишда ўтказилиб, 200 нафардан зиёд полвонлар куч, матонат, чидамлилик ва жасорат талаб этадиган баҳсларда совринли ўринларга даъвогарлик қилди.

Спортчилар оғир юкларни кўтариш, тортиш ва турли куч синовлари бўйича беллашди.
Якуний натижаларга кўра, -85 кг вазнда Меҳрож Ҳамдамов 1- ўринни, Шавкат Тўраев 2-ўринни, Шерзод Маъруфжонов 3-ўринга эга чиқди.
Кубок мусобақасининг -105 килограммгача бўлган вазнида Шодилбек Эргашев ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Кейинги ўринлар Нуриддин Эргашев ва Асадбек Фозиловга насиб этди.
Баҳодирлар ўйинларининг +105 килограмм вазн тоифасида Дилмурод Қурбонов Ўзбекистон чемпиони, деган шарафли номга сазовор бўлди. Кумуш ва бронза медалларини Баҳодир ва Нодирбек Йўлчиев қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом, медал ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Т. Рўзиев, ЎзА