ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғоналик Баҳодир Жўраев – жорий йилда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўтказилган “Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси” танловининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган.
Фарғона шаҳридаги 19-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқитувчиси Б. Жўраев – ёш, креатив фикрлайдиган, ташаббускор, янгиликка интилувчан ўқитувчилардан. Ўқувчилари турли танлов, фан олимпиадаларида муваффақиятли қатнашиб келади. Муаллим дарсдан сўнг ўқувчиларини олий таълимнинг кириш имтиҳонларига тайёрлашга алоҳида эътибор қаратади. Педагогнинг мактабларда ўқувчиларни мустақиллик ва фаоллик принципи асосида ўқитиш бўйича услубий тавсиялари ва қўлланмалари чоп этилган. Дарс машғулотлари шаҳар ва вилоят миқёсида оммалаштирилган.
[gallery-20324]
– Олти йилдан буён шу мактабда ўқувчиларга она тили ва адабиёт фанидан сабоқ бериб келаман, - дейди Баҳодир Жўраев. – Ўз устимда тинимсиз ишлашни одат қилганман. Дарс бериш услуби устида кўп ўйлайман. Ҳар бир ўқувчимнинг қобилияти, имкониятини ҳисобга олиб, талаблар қўяман. Шундай дарс берайки, ўқувчиларимнинг фикрлаш доираси кенгайсин, ўзига ишонсин, ўзини ва устозини ҳурмат қилсин. “Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси” танловида ғолиб бўлганим менга янада шижоат, куч-ғайрат берди. Шу билан бирга, зиммамга яна катта масъулият юклади.
Баҳодир Жўраевнинг қўлга киритаётган ютуқлари замирида, аввало, мактабдаги, университетдаги устозлари, оиладаги соғлом муҳит, ўқитувчилар оиласидан эканлиги ҳам муҳим аҳамият касб этгандир. У ўқитувчилар оиласининг давомчиси. Отаси Жаҳонгир Жўраев ҳам, онаси Ҳидоятхон Жўраева ҳам инглиз тили фани ўқитувчилари.
Маърифатли инсонларнинг зурриётларидан маърифат учун курашчилар чиқади. Б. Жўраев ҳам ана шундай шарафли тақдир эгаларидан.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА