Бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик намунаси
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси қарори билан 1997 йилдан буён бутун дунёда ҳар йили 16 ноябрь – “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида кенг нишонланиб келинади.
Ана шу сана, қолаверса, халқимизга хос бағрикенглик, мамлакатимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат ва элатлар ўртасидаги дўстлик, қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилаётган “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида Андижон вилоятида ҳам кўплаб тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Андижон вилояти ҳокимлиги, адлия ва Дин ишлари бўйича қўмитасининг вилоят бошқармалари, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг вилоят ҳудудий бўлимлари ҳамкорлигида “Бағрикенглик – тинчлик, дўстлик ва миллатлараро ҳамжиҳатлик пойдевори” мавзусида ўтказилган давра суҳбати ҳам ана шундай тадбирлардан бири бўлди.
Тадбирда давлат, жамоат, нодавлат нотижорат ташкилотлари, миллий-маданий марказлар вилоят бўлимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбати очилишида Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши раиси Ўктамжон Охунов сўз олиб, мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, конфессиялараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, шунингдек, миллий-маданий марказлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, турли миллат ва элат вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.


Мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона миллий сиёсат туфайли Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланган. Энг асосийси, юртимиздаги барча миллат ва элатларнинг тенглиги, ўзаро дўстлиги ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланган.
Айтиш жоизки, бугунги кунда Андижон вилоятида турли миллат ва элат вакиллари тинч-тотув ҳаёт кечирмоқда. Хусусан, рус, қирғиз, корейс, уйғур ва арман миллий-маданий марказларининг вилоят бўлимлари, 180 дан ортиқ диний ташкилот фаолият кўрсатмоқда.


Сўнгги йилларда миллий-маданий марказлар фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2023-2025 йилларда миллий-маданий марказларнинг вилоят бўлимлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 450 миллион сўмдан ортиқ субсидия маблағлари йўналтирилган.
Тадбир давомида ана шу йўналишдаги ишларнинг бориши атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, вилоятдаги турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, ёшларни бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш борасида таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир якунида жамиятда тинчлик, барқарорлик ва миллатлараро тотувлик муҳитини мустаҳкамлашда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини янада ривожлантириш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири