Фарғона вилояти адлия бошқармаси томонидан вилоятдаги давлат органлари ва ташкилотларида норма ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Ўтган йилда 196 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган, уларнинг 12 таси жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмаганлиги, қонунчиликка зид нормалар бўлганлиги сабабли қайтарилди.
Адлия органлари томонидан ўрганиш, мониторинг ва сўровномалар ўтказилиб, 1 минг 996 та қонун ҳужжатлари таҳлил қилинди. Тизимли муаммо ва камчиликлар аниқланиб, тегишли таклифлар тайёрланди. Аниқланган қонунбузилишлар бўйича 1 минг 875 та тақдимнома, 736 та маъмурий ва 10 та жиноий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритилди. Таъсир чоралари натижасида 5 минг 672 та ноқонуний ҳужжат бекор қилинди, 63 та ҳужжат ижроси тўхтатилди, 1 минг 716 нафардан зиёд мансабдор шахслар интизомий (шундан 90 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган), 624 нафари эса маъмурий жавобгарликка тортилди.
Бироқ тегишли чоралар кўрилаётган бўлишига қарамасдан ҳали ҳануз давлат органлари ва ташкилотларида норма ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир хилда таъминлаш соҳасида камчилик ва қонунбузилишларга йўл қўйилмоқда. Маҳаллий ҳокимликлар томонидан ноқонуний қарорлар қабул қилиниши давом этмоқда. Бағдод, Олтиариқ, Данғара туманлари ҳокимликларининг кўплаб ноқонуний қарорлари бекор қилинди. Норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорлари лойиҳалари адлия бўлимларига ҳуқуқий экспертизадан ўкатзиш учун тақдим қилинмаган. Натижада туман-шаҳар ҳокимлари томонидан, жумладан, ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилинган. Масалан, 35 та ҳолатда қонун ҳужжатларига зид равишда ер муносабатларига доир қарорлар қабул қилинган. Қуришга, қайта қуришга, реконструкцияга рухсат бериш ваколатига кирмасада, ҳокимликлар 8 та қарор қабул қилиб, ер участкасини хусусий секторга ноқонуний берган.
М. Сулаймонов, ЎзА