Бадиий гимнастикачиларимиз лицензион жаҳон чемпионатида иштирок этади
Жорий йилнинг 12-16 август кунлари Германиянинг Франкфурт шаҳрида бадиий гимнастика бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.
Дунёнинг кўплаб мамлакатларидан 350 га яқин энг кучли спортчилар иштирок этадиган мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ҳам қатнашади.
Жаҳон чемпионати “Лос-Анжелес-2028” ёзги Олимпия ўйинларига дастлабки лицензиялар ўйналиши билан алоҳида аҳамият касб этади. Мусобақа низомига кўра, яккалик ва гуруҳ машқлари дастурларида кучли учликдан жой олган спортчилар ҳамда жамоалар Олимпия ўйинлари йўлланмаларини қўлга киритади.
Мамлакатимиз номидан яккалик баҳсларида Тахмина Икромова иштирок этади. Гуруҳ машқлари дастурида эса Эвелина Атальянс, Мумтоза Исҳоқзода, Амалия Мамедова, Ясмина Мкртчиева, Юлия Валеватая ва Тамила Зиганшинадан иборат жамоа баҳс олиб боради.
Шундай қилиб, Франкфуртдаги жаҳон чемпионати ўзбекистонлик гимнастикачилар учун нафақат медаллар, балки “Лос-Анжелес-2028” Олимпия ўйинларига дастлабки йўлланмаларни қўлга киритиш йўлидаги муҳим синовлардан бири бўлади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА