Куни кеча Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида Мисрда чоп этилган мамлакатимизнинг турли йўналишларида фаолият кўрсатаётган иқтидорли ва фаол аёл-қизларнинг ижодий ишлари жамланган “Ўзбекистоннинг илҳомлантирувчи овозлари” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир Мисрнинг “Highness International school” халқаро мактаби, Ливаннинг “Taghrid Fayad” маданий жамғармаси ва юртимизнинг “Shine” қизлар академияси томонидан ташкиллаштирилди.

Тақдимотда бир гуруҳ ўзбек ва араб шоир-ёзувчилари, профессор ва фан докторлари, шунингдек, талабалар иштирок этди.
Йиғинда сўз олган “Highness International school” халқаро мактаби раҳбари, мисрлик Амир Сами Шеҳата бу каби тадбирларнинг ўтказилиши миллатлар ўртасидаги адабий, маданий ва дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутишини таъкидлаб ўтди.

– Азал-азалдан миллатларимизнинг илдизлари теран, дини бир ва маданияти муштарак, - деди у. – Энг муҳими, алоқаларимиз ривожи йўлида адабиётнинг ҳам ўрни беқиёс. Биз учун Марказий Осиё давлатлари адабиёти ва маданияти жуда қизиқ. Бу жараёнларда ўзбек аёл-қизларининг фаоллиги эса қувонарли ҳол.
Шунингдек, тақдимотда мазкур китобда ижодий ишлари чоп этилган истеъдодли аёл-қизларимиз сўзга чиқиб, диёримизда хотин-қизларга яратилаётган имкониятлар, шарт-шароитлар ҳақида йиғилганларга маълумот беришди.

- “Ўзбекистоннинг илҳомлантирувчи овозлари” китоби ватанимизнинг ёш ижодкорларини дунё аҳлига ўз билим ва кўникмалари, ютуқлари билан тараннум бўлишига катта ҳисса қўшади, -дейди “Shine” қизлар академияси раҳбари Шоҳида Юсупова. – Қолаверса, ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш биз учун олий саодат.

Ў.Алимов, ЎзА