БАА яна бир йирик фазовий режа тузмоқда
Бирлашган Араб Амирликлари коинот технологияси соҳасидаги имкониятини янада кенгайтирмоқда. Мамлакатнинг сунъий интеллектга асосланган "Space-42" компанияси уч хил русумдаги "Foresight" сунъий йўлдоши тўлиқ ишга тушганини эълон қилди. Шу тариқа Ерни кузатиш тизими имконияти сезиларли даражада оширилиб, маълумотни йиғиш ва таҳлил қилиш жараёни янги босқичга кўтарилади.
Янги қурилмалар Финляндиянинг “ICEYE” компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилди. Лойиҳа доирасида технология алмашинувига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Сунъий йўлдошни йиғиш ва синовдан ўтказиш асосан Абу-Дабида жойлашган миллий коинот мажмуасида амалга оширилди. Бу ҳақда ЎзА ҳамкори WAM агентлиги хабар берди.
Натижада “Foresight” тизими таркибидаги радарли кузатув йўлдошлари сони бештага етди. Мазкур қурилмалар Ер юзасини кун давомида, ҳар қандай об-ҳаво шароитида кузатиш имконини беради. Бундай технология булут, тутун ёки қоронғи шароитда ҳам юқори аниқликда тасвирга олиш имконияти билан ажралиб туради.
Паст орбитада жойлаштирилган йўлдошлар аҳоли зич яшайдиган ҳудудларни қамраб олиш имконини кенгайтирди. Компания ҳисоб-китобига кўра, тизим ҳозир дунё аҳолисининг 90 фоиздан кўпи истиқомат қиладиган стратегик аҳамиятга эга минтақаларни кузата олади.
Йўлдошдан келадиган маълумот СИга асосланган GIQ платформаси орқали қайта ишланади. Ушбу тизим хом маълумотни бир неча дақиқа ичида таҳлил қилиб, қарор қабул қилиш учун тайёр ахборотга айлантиради. Шу усул билан фавқулодда вазиятга жавоб қайтариш тезлиги бир неча баробар оширилади, техник хизмат кўрсатиш харажати қисқартирилади, турли соҳада самарадорлик оширилади.
Мутахассислар Ерни кузатиш хизматига талаб йил сайин ортаётганини таъкидлайди. Давлатлар ва йирик компаниялар табиий офатни мониторинг қилиш, иқлим ўзгаришини баҳолаш, инфратузилмани назорат қилиш ҳамда хавфсизлик масаласида айнан шундай маълумотга таянмоқда.
Умуман, БАА айни йўналишдаги бозорда етакчиликни кўзлаяпти. Миллий коинот стратегияси, СИга сармоя ва маҳаллий ишлаб чиқариш қувватини ошириш мамлакатнинг глобал фазовий технология рақобатидаги ўрнини мустаҳкамламоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА