Б.Янгибоев: Шуманайни “қониқарсиз” ҳудуддан “ўрта” ҳудудга ўтказишга ваъда берамиз
Халқ депутатлари Шуманай тумани Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтмоқда.
Жамоатчилик назорати
Халқ депутатлари Шуманай тумани Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтмоқда.
Туман аҳолисининг 6,4 фоизини камбағал оилалар ташкил қилиб, пандемия шароитида 596 та оила “темир дафтар”га киритилганди, жорий йилнинг ўтган даврида тумандаги саховатпеша тадбиркорлар ва мутасадди ташкилотлар томонидан олиб борилган ишлар натижасида жами 296 та оила “темир дафтар”дан чиқарилди. Бу ҳақда Шуманай тумани ҳокими Б.Янгибоев маълум қилди.
– Бугунги кунда қўшимча ўрганишлар натижаси билан бирга “темир дафтар”да жами 351 та оила бўлиб, улардаги меҳнатга лаёқатли 421 нафар ишсизни йил якунига қадар соҳалар бўйича ишга жалб этиб, уларнинг доимий даромадга эга бўлишини таъминлаш юзасидан барча зарурий чора-тадбирларни белгилаб олганмиз, – деди Б.Янгибоев. – Бунинг натижасида йил якунигача яна 245 оилани “темир дафтар”дан чиқаришни режалаштирганмиз. Туманимизда йил якуни билан “темир дафтар”да 106 оила, яъни туман аҳолисининг 1,1 фоизи, шу жумладан, 35 та давлат ёрдамига муҳтож камбағал оила қолиши кутилмоқда.
Юқоридаги белгилаб олинган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида жорий йил якунига қадар 165,1 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўтган йилга нисбатан қарийб 3,1 баробарга оширилиши таьминланади. Шунингдек, экспорт бўйича белгиланган режа кўрсаткичлари 7,1 миллион долларга етказилиб, ўтган йилга нисбатан 4,5 каррага кўпайтириш мўлжалланмоқда. Бюджетга асосий тушумлар режаларидан ташқари 2,0 миллиард сўм қўшимча тушумлар амалга оширилади, шунингдек, туманда ишсизлик даражаси 13,1 фоиздан 9,5 фоизга камайтирилишига эришилади.
Бунинг самарасида рейтинг кўрсаткичларидан юқори балл олиниб, йил якуни билан туманимиз ”қизил” ҳудуддан “сариқ” ҳудудга чиқарилиши таъминланади.
Жорий йил 2 октябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этиб, республикани келгусида ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 10 та устувор йўналишини белгилаб берди.
Шунингдек, туманларни янада равнақ топтириш мақсадида мазкур асосий “ўсиш нуқталари” белгиланиб, ушбу йўналишдаги тадбиркорлик субъектлари 3 йил муддатга ер солиғи, мол-мулк солиғи, кичик корхоналарнинг айланмасидан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғидан ва божхона тўловларидан озод этилишини таъкидлади.