Азиз Абдуҳакимов: «Бочка» каби сайёҳлик масканига ўхшаш жойларни кўпайтирмоқчимиз
Аввал хабар берганимиздек, 14 август куни Президент Шавкат Мирзиёев туризм салоҳиятини кенгайтиришга доир лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Аввал хабар берганимиздек, 14 август куни Президент Шавкат Мирзиёев туризм салоҳиятини кенгайтиришга доир лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Тақдимотда соҳада амалга оширилган ишлар ва навбатдаги режалар ҳақида ахборот берилди.
Ўзбекистон Республикаси бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов мазкур тақдимот хулосаси асосида соҳада амалга оширилаётган ишлар ва келгуси чора-тадбирлар хусусида қуйидагиларни айтиб ўтди.
“Ҳозирги кунда биз фуқароларимизга кўпроқ Ўзбекистонда дам олиш ва туризм билан шуғулланиш имкониятларини яратишимиз керак. Шу нуқтаи назардан янги туристик зоналар, комплексларни барпо этиш катта аҳамиятга эга. Йиғилишда бир нечта лойиҳаларнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Жумладан, «Амирсой» тоғли курортининг иккинчи босқичдаги янги лойиҳалар тақдим этилди. Бу ерда қўшимча равишда янги тоғ йўллари ва чанғи йўллари қурилади.
Бундан ташқари, янги меҳмонхоналар, савдо расталари барпо этилиб, ҳозирги 900 гектар майдонда жойлашган курорт яна 2 ярим баробарга кенгаяди. Шу билан бирга ўзимизнинг анъанавий курорт зоналаримиз бор. Булар Чимён, Билдирсой, Нанай, Яккатут ҳудудлари. Бу ҳудудларда афсуски замон талабига жавоб берадиган инфратузилма йўқлиги учун одамлар камроқ боради ва кўп ҳолатларда чет элда дам олишни арзонроқ, деб ўйлашади.
Шу нуқтаи назардан лойиҳаларга банкларнинг кафолатлари остида инвесторларни жалб этган ҳолда ҳудудда замонавий туристик комплекслар яратилади. Уларнинг афзаллиги шундан иборатки, халқимиз орасида машҳур бўлган «Бочка» номли сайёҳлик масканига ўхшаш жойларни кўпайтирмоқчимиз. Яъни, бошқа жойларда ҳам дам олиш учун хизмат кўрсатиш тизими яхшиланади.
Энг асосийси, кишилар иш жойи ва даромад манбаига эга бўлади. Тақдим этилган лойиҳаларда одамларнинг кўзлаган манзилига етиб бориши учун йўлларни кенгайтириш, кўприклар қуриш кўзда тутилган. Электр таъминот масаласи бўйича яшил технологияларни, микрогэсларни барпо этиш ва қуёш энергиясидан фойдаланган ҳолда субсидиялаш тизимини яратиш бўйича кўрсатмалар берилди. Яна бир муҳим масала ̶ чиқиндиларни бошқариш юзасидан ҳам аниқ вазифалар белгилаб берилди. Бундан ташқари, Бўстонлиқда субсидиялаш тизими жорий этилиб, ихчам бўлган оқава сув канализацион тизимлари ташкил этилади".