Аждодларимиз меросини асраш ва уни муносиб тарғиб этиш – барчамиз учун муҳим вазифа
Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабида Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили ва адабиёти олимпиадаси ташкил этилди. Юқори савияда ўтказилган нуфузли халқаро олимпиадада Германия, Нидерландия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистондан ҳудудий саралаш босқичларида муваффақият қозонган 14-18 ёшдаги ватандош ёшлар иштирок этди.
Олимпиада хорижда яшаётган ёшларнинг ўзбек тили ва адабиётига бўлган қизиқишини янада кучайтириш, уларнинг билим ва салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро майдонда ўзаро илмий-маданий алоқаларни ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.
Қолаверса, ушбу халқаро олимпиаданинг асосий мақсади хорижий давлатлардаги таълим муассасаларида ўзбек тилини замонавий педагогик талаблар асосида ўқитишни такомиллаштириш, ватандош ўқувчилар орасида она тилига ҳурмат ва муҳаббат туйғусини мустаҳкамлашдан иборат. Шу билан бирга, хориждаги таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, ўқувчиларнинг билимини халқаро мезонлар асосида синовдан ўтказиш ҳамда иқтидорли ёшларни аниқлаш ва рағбатлантириш ҳам кўзда тутилган.
Халқаро олимпиадани ташкил этиш ва уни юқори савияда ўтказиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Фан олимпиадалари маркази, Ватандошлар жамоат фонди ҳамда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва мутахассислари фаол иштирок этди. Ташкилий қўмита томонидан олимпиаданинг барча босқичлари низом асосида шаффоф ва холис тарзда ўтказилиши таъминланди.
Олимпиада икки босқичда ташкил этилди. Биринчи босқичда иштирокчилар ёзма ишлар орқали ўзбек тили ва адабиёти бўйича назарий билимлари, ижодий фикрлаши ҳамда таҳлил қилиш кўникмаларини намоён этган бўлса, иккинчи босқич тест топшириқлари шаклида ўтказилиб, унда иштирокчиларнинг грамматика, адабиёт, матн таҳлили ва мантиқий фикрлаш бўйича билимлари синовдан ўтказилди. Ушбу жараёнлар халқаро талаб ва мезонлар асосида ташкил этилиб, баҳолашнинг адолатли ва шаффоф бўлишига алоҳида эътибор қаратилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур халқаро олимпиада нафақат ёшларнинг билим ва салоҳиятини намоён этиш майдонига айланди, балки ўзбек тилининг халқаро нуфузини ошириш, хориждаги ватандош ёшларни она тилимиз ва миллий қадриятларимиз атрофида бирлаштиришга хизмат қилувчи муҳим маънавий-маърифий тадбир сифатида ҳам катта аҳамият касб этди.
Шербек Исломов, ЎзА