Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши, Мудофаа вазирлигига қарашли қўмондонликлар, Тошкент вилояти Миллий гвардияси ҳамда куч тузилмалар билан ҳамкорликда ташкил этилган “Аждодлар изидан” интеллектуал ўйинининг Тошкент вилояти босқичи қизиқарли ўтди.
Танловдан кўзланган асосий мақсад ёш ҳарбий хизматчиларнинг дунёқараши, қалбида миллий қадриятлар руҳи, миллат тамаддунига дахлдорлик, она Ватанга меҳр ва садоқат, адолат туйғусини ҳар томонлама кучайтиришдир.
Ушбу танловда Муҳаммад Алининг “Улуғ салтанат”, Пиримқул Қодировнинг “Авлодлар довони” романи, Кайковуснинг “Қобуснома”, “Рустамхон достони” китобларидан, Абдулла Қодирий ҳамда Чўлпоннинг ҳаёти, ижоди тўғрисида тузилган саволларга ёш ҳарбий хизматчилар жавоб берди.
Олий ҳарбий билим юртлари ўртасида ўтказилган танлов натижаларига кўра, Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтининг “Андромеда” жамоаси иккинчи ўринни қўлга киритган бўлса, фахрли биринчи ўрин Чирчиқ Олий Танк Қўмондонлик Муҳандислик Билим юртининг “Бобур издошлари” жамоасига насиб этди.
Ҳарбий қисмлардан тузилган жамоалар ўртасида учинчи ўрин вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг “Нажоткорлар” жамоаси, иккинчи ўринни вилоят Божхона бошқармасининг “Божхоначилар” жамоаси қўлга киритди.
Мудофаа вазирлигига қарашли Олмалиқ шаҳридаги ҳарбий қисмнинг “Миллат умиди” жамоаси эса фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.
А.Мусаев, ЎзА.