Айрим хизмат турлари арзонлашди, айримларида сезиларли ўсиш кузатилди
Марказий банкнинг маълум қилишича, 2026 йил март ойида хизматлар соҳасида нархлар динамикаси турлича шаклланди. Айрим хизмат турлари арзонлашган бўлса, айримларида сезиларли ўсиш кузатилди.
Статистик маълумотларга кўра, йиллик ҳисобда ички йўловчи ҳаво транспорти хизматлари 10,9 фоизга арзонлашган. Шунингдек, пул ўтказмалари учун ҳақ тўлаш 6,7 фоизга, халқаро йўловчи ҳаво транспорти хизматлари 5,5 фоизга камайган. Нодавлат олий таълим муассасаларида ўқиш нархи 0,5 фоизга пасайган бўлса, микромолиявий хизматлар нархи 0,02 фоизга арзонлашган.
Айрим хизмат турларида эса нархлар сезиларли даражада ошган. Хусусан, шахсий транспорт воситаларини суғурталаш хизмати 281,8 фоизга қимматлашган. Шунингдек, троллейбусда йўл ҳақи 100 фоизга ошган. Тармоқ газ хизматлари 39,2 фоиз, ҳайдовчилик курслари 35,8 фоиз ва совуқ сув таъминоти 35,1 фоизга қимматлашган.
Умуман олганда, истеъмол нархлари индекси саватига киритилган 98 турдаги хизматдан 68 тасида, яъни 69 фоизида йиллик нарх ўсиши 10 фоиздан паст даражада қайд этилган.
Хизматлар соҳасидаги мазкур ўзгаришлар тарифларни қайта кўриб чиқиш, хизмат кўрсатиш харажатлари ва бозордаги талаб-таклиф омиллари билан боғлиқ.
Ш.Маматуропова,
ЎзА