Аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш давлат эътиборида
Инсон қадрини улуғлаш, оилалар фаровонлигини таъминлаш ва оналикни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, хусусий секторда меҳнат қилаётган хотин-қизлар учун яратилган янги ижтимоий кафолатлар уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда. Энди давлат раҳбарининг ташаббуси билан ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг Давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобидан тўланиши минглаб бўлажак оналар учун нафақат молиявий кўмак, балки давлатнинг юксак ғамхўрлиги ва эътиборининг амалий ифодаси бўлди.
Бухоро шаҳрида фаолият юритаётган “BHR SPINNING” масъулияти чекланган жамияти ана шундай эзгу ислоҳотлар самараси яққол намоён бўлаётган замонавий корхоналардан биридир. Калава-ип ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур йирик корхонада бугунги кунда 420 нафар ишчи-ходим меҳнат қилаётган бўлиб, уларнинг 270 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Бу эса корхонада аёллар меҳнати, уларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва муносиб меҳнат шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганининг ёрқин далилидир.
Корхона раҳбари Элёр Қувватов бошчилигида меҳнат жамоасининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ходимларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда улар учун хавфсиз ва қулай иш муҳитини шакллантириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Айниқса, бўлажак оналарни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар ходимлар томонидан катта мамнуният билан қарши олинмоқда.
Янги тартибга мувофиқ, хусусий секторда меҳнат қилаётган аёлларга ҳам ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси Давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобидан тўланмоқда. Бу эса аввалги йилларда мавжуд бўлган қатор муаммоларни бартараф этиб, хусусий ва давлат секторида меҳнат қилаётган аёллар учун тенг ижтимоий кафолатларни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Жорий йилнинг ўзидаёқ корхонанинг тўрт нафар ишчи-ходими ушбу имкониятдан фойдаланиб, ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини Давлат ижтимоий суғуртаси орқали олди. Айни пайтда эса корхона ходимлари Адолат Эргашова ва Хуршида Ортиқова ҳам мазкур ижтимоий кафолатдан фойдаланиш арафасида турибди.
Бўлажак она Адолат Эргашованинг таъкидлашича, илгари хусусий корхоналарда ишлаётган аёллар учун ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олиш кўп жиҳатдан иш берувчининг молиявий имкониятига боғлиқ эди. Бугун эса бу тўлов Давлат ижтимоий суғуртаси орқали амалга оширилаётгани ҳар бир аёл учун ишонч ва хотиржамлик бағишламоқда. Энг муҳими, ортиқча ҳужжатбозлик ва оворагарчиликларсиз, шаффоф ва қулай тартибда хизмат кўрсатилаётгани ислоҳотларнинг амалий самарасини намоён этмоқда.

Корхона ходими Хуршида Ортиқова ушбу ўзгаришларни шундай баҳолади:
— Ҳар бир она учун ҳомиладорлик даври энг масъулиятли ва ҳаяжонли палладир. Ана шундай пайтда давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборини ҳис қилиш инсонга алоҳида куч ва ишонч бағишлайди. Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг Давлат ижтимоий суғуртаси орқали тўланиши биз учун нафақат моддий кўмак, балки она меҳнати ва оналик қадрига берилган юксак баҳодир.
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлаш, оилалар фаровонлигини ошириш ва аёлларнинг меҳнат ҳуқуқларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Айниқса, хусусий секторда меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг ҳам давлат ижтимоий ҳимояси билан тўлиқ қамраб олинаётгани мамлакатимизда адолат ва тенглик тамойиллари ҳаётга изчил татбиқ этилаётганининг ёрқин намунасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири