БМТнинг 1999 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан дунё бўйлаб “16 кун зўравонликсиз!”, деб номланган акция ўтказиб келинмоқда.
Акция 25-ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш кунидан бошланади ва 16 кун давомида зўравонликнинг олдини олишга қаратилган турли тадбирлар ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистонда оилавий зўравонликнинг олдини олиш ва оилавий зўравонликдан жабр кўрганларга амалий кўмак бериш: муаммо ва ечимлар” мавзуида ўтказилган халқаро конференция ушбу санага бағишланди.
Конференцияда мамлакатимизда хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлашда давлат органлари масъулиятини кучайтириш, фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқнинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш борасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Хусусан, бугунги кунда ушбу йўналишдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, яратилган шароит ва имкониятларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Қайд этилдики, ҳозирга қадар хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат бюджетидан 3 триллион сўм, имтиёзли банк кредитларидан 7 триллион сўм пул ажратилган.
Аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ҳолатлари бўйича жабрланган 29 минг 541 нафар хотин-қизнинг барчасига “ҳимоя ордери” расмийлаштирилган.
Зўравонларнинг 62 минг 347 нафарига чекловлар ўрнатилиб, профилактика инспекторлари томонидан назоратга олинган.

Ўз навбатида, ҳимоя ордерида белгиланган чекловларга риоя этмаган минг нафардан ортиқ шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 206-1-моддаси, 674 нафари бошқа моддалар асосида маъмурий жазога тортилган.
Жорий йилнинг ўтган даврида судлар томонидан аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ 2 минг 12 жиноят иши кўрилган бўлиб, уларда 1,6 минг нафардан зиёд шахсга нисбатан айблов ҳукмлари чиқарилган.
Ушбу тоифадаги жиноятларни содир этганларнинг 80 фоизи ҳеч қаерда ишламайдиган шахслар бўлса, уларнинг 19 фоизини аёллар ташкил этади.
Жабрланган аёлларни уйдан чиқариб ҳайдаш орқали тазйиқ ўтказиш ҳолатлари бўйича 2 минг 71 даъво кўриб чиқилган бўлиб, шулардан 1,5 мингдан зиёди ёки 76 фоизи бўйича даъво қаноатлантирилиб, тарафни уйга киритиш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган.
Шунингдек, алимент ундиришга доир 6 минг 585 ишнинг 5 минг 275 таси ёки 80 фоизи бўйича ариза талаблари қаноатлантирилган.
Бундан ташқари, 8 минг 457 нафар хотин-қиз мурожаатлари бевосита прокуратура органларида кўриб чиқилиб, 2,5 мингдан ортиғи қаноатлантирилган, 1 минг 877 нафарининг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Мазкур ўрганишлар натижасида қўпол қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан учта жиноят иши қўзғатилган, 114 протест, 101 тақдимнома, 96 огоҳлантирув тарзидаги прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, 22,9 миллион сўм зарарлар ундирилган, 92 нафар мансабдор шахс интизомий ёки маъмурий жавобгарликка тортилган.
Давлатимиз раҳбарининг “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Аёллар реабилитация ва мослаштириш республика маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилган. Марказга жойлаштириладиган шахслар тоифаси ҳамда унинг фаолиятига оид ташкилий масалалар тартибга солинган.
Шунингдек, Бош прокуратура томонидан “Aziz-ayol.uz” ягона интерактив миллий платформасини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори ишлаб чиқилган.
Н.Абдураимова, ЎзА