Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашда янги босқич
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 18 август куни Хива шаҳрида мамлакат тадбиркорлари билан ўтказган очиқ мулоқоти Ўзбекистонда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, бизнес учун янада қулай муҳит яратиш ва тадбиркорликни янги босқичга олиб чиқиш борасида муҳим қадам бўлди.

Хива мулоқотида белгилаб берилган вазифалар, айниқса, хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш ва уларнинг бизнесини ривожлантириш учун янги имкониятлар очади. Мамлакатимизда тадбиркор аёллар нафақат оила фаровонлиги, балки янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва ҳудудлар иқтисодий тараққиётида ҳам муҳим ўрин эгалламоқда. Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг Хивадаги очиқ мулоқотида тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусларини жуда муҳим деб ҳисоблаймиз.
Айниқса, янги тадбиркорлар учун “Бизнес старт”, ишлаб чиқаришини йўлга қўйганлар учун “Бизнес лифт”, кейинги ўсиш босқичидаги тадбиркорлар учун “Бизнес юксалиш” дастурларининг жорий этилиши бизнесни қўллаб-қувватлашнинг комплекс тизимини шакллантиради. “Бизнес старт” доирасида сунъий интеллект ёрдамида бизнес-режа ва кредит ҳужжатларини тайёрлаш, ҳисобот юритишни ўргатиш, шунингдек, 200 миллион сўмгача гаровсиз кредит бериш механизмининг йўлга қўйилиши бошловчи тадбиркорлар учун айниқса аҳамиятлидир.
Мазкур имкониятлардан хотин-қизларнинг самарали фойдаланиши учун уларга нафақат молиявий ресурс, балки билим, кўникма, менторлик ва бозорга чиқиш бўйича амалий кўмак ҳам зарур. Биз доимо шу фикрни илгари суриб келамиз: аёлга кредит беришнинг ўзи етарли эмас. Унга бизнесни қандай бошлаш, маҳсулот таннархини ҳисоблаш, рақамли технологиялардан фойдаланиш, маркетинг ва экспортни йўлга қўйишни ҳам ўргатиш керак. Шу маънода, тадбиркорликни бошлашдан тортиб уни йирик бизнесга айлантиришгача бўлган яхлит экотизим яратилиши жуда муҳим.
Янги ташаббуслар орасида кичик бизнес учун кредит олишда гаров талабларини енгиллаштиришга қаратилган “контр-кафолат” тизими ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу имкониятлар, айниқса, катта молиявий кафолатга эга бўлмаган, аммо истиқболли бизнес ғояси ва бозор салоҳияти бор бўлган хотин-қизлар учун янги имкониятлар яратади.
Мулоқотдан келиб чиққан ҳолда “Тадбиркор аёл” ассоциацияси аёллар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга олиб чиқиш, уларнинг электрон тижорат ва халқаро маркетплейслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришни муҳим вазифалардан бири сифатида кўрмоқда.
Энди асосий вазифа яратилган имкониятларни амалиётга самарали татбиқ этиш, айниқса, ҳудудлардаги хотин-қизларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Хива мулоқоти биз, тадбиркорлар учун нафақат янги имтиёз ва имкониятлар, балки катта масъулият ҳам юклайди.
Бу жараёнда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг молиявий ва рақамли имкониятларини кенгайтириш ҳамда ҳар бир ҳудудда аёлларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш “Янги Ўзбекистон”нинг иқтисодий тараққиёт мақсадларига хизмат қилади.
Хивадаги мулоқотда айтилганидек, мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсиши, янги юқори даромадли иш ўринлари яратиш ва экспортни кўпайтириш учун тадбиркорлар янги ғоялар, технологиялар, маҳсулотлар ва бозорларни ўзлаштириши зарур.
Бу вазифаларни амалга оширишда Ўзбекистон тадбиркор аёлларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор ва бундан кейин ҳам уларнинг салоҳиятини кенгайтириш, бизнесларини янги босқичга олиб чиқиш, рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш, ишлаб чиқаришга сунъий интеллектни жорий қилиш, янги иш ўринлари яратиш, хотин – қизларнинг жамият ва оиладаги статусларини ошириш бизнинг асосий вазифамиз бўлиб қолаверади.
“Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон
аёллар ассоциацияси раиси Гулнора Маҳмудова