“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган ҳар бир мақсад ва уни амалга ошириш бўйича белгиланган вазифалар фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини янада яхшилаш, имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Хусусан, 25-мақсадда назарда тутилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш борасида қатор амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.
АОКАда ўтказилган брифингда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берди.
Қайд этилишича, “Соғлом оила – соғлом жамият” шиори остида оилалар фаровонлиги ва барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, масъулиятли ота-оналик ғоясини сингдириш, низоли оилалардаги муҳитни соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларда манзилли ишлар ташкил этилмоқда.
“Оқила аёллар ҳаракати” аъзолари, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси, тегишли мутахассислар ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан бирга 120 минг 688 та оила муҳити ўрганилди. Улардан 59 минг 345 тасида мавжуд низолар бартараф этилди. 36 минг 618 та оила яраштирилди, 12 минг 347 та алимент, 2 минг 665 та уйга киритиш, 4 минг 953 та мол-мулк билан боғлиқ низолар ҳал этилди.
2 минг нафар жарроҳлик операциясига муҳтож хотин-қизларни соғлом ҳаётга қайтариш учун Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан маблағ ажратиш бўйича йиллик режа тасдиқланиб, жорий йилнинг апрель-июнь ойларида 735 нафар эҳтиёжманд хотин-қиз ва болаларнинг жарроҳлик операцияси ва даволаниши учун 10 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилди.
Хотин-қизларнинг кичик бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида тижорат банклари томонидан 74 минг 420 нафар хотин-қизга 1 триллион 230 миллиард сўм кредитлар ажратилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА