Аёллар бизнесига қанот — "She’s Next" глобал дастури старт олди
Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган яна бир муҳим ташаббус — "She’s Next" глобал дастурининг биринчи босқичи расман старт олди.
Мазкур ташаббус 17 та давлатни бирлаштирган халқаро платформа доирасида амалга оширилиб, ўзбекистонлик тадбиркор аёллар учун янги имкониятлар эшигини очади. Дастур иштирокчилари таълимий контентдан фойдаланиш, тажриба алмашиш ва хорижий ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатиш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, лойиҳа рақамли трансформацияни жадаллаштириш ва аҳолининг молиявий ҳамда рақамли саводхонлигини оширишга ҳам хизмат қилади.

“She’s Next” дастурининг биринчи босқичи “Бошланг!” шиори остида йўлга қўйилди. Унда ўз бизнесини бошлаган ёки тадбиркорликни йўлга қўйишни режалаштираётган хотин-қизлар 24 майга қадар махсус платформа орқали рўйхатдан ўтиши мумкин. Қатнашчилар учун тўртта видео дарс ва тестлардан иборат ўқув дастури тақдим этилади.

Дастурни муваффақиятли якунлаган иштирокчилар ўз бизнес ғояларини экспертлар комиссиясига тақдим этади. Саралаш натижаларига кўра, 30 нафар финалчи танлаб олинади ва улар Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Pitch Day тадбирида ўз лойиҳаларини ҳимоя қилади. Якунда 7 нафар ғолибга ўз бизнесини бошлаш ёки ривожлантириш учун грантлар ажратилади. Умумий мукофот жамғармаси 22 минг АҚШ долларини ташкил этади.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда қарийб 2,1 миллион аёл тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқда. Бу кўрсаткич сўнгги йилларда кескин ўсиб, аёлларнинг иқтисодиётдаги улуши ортиб бораётганини кўрсатмоқда.
“She’s Next” дастури эса ана шу ўсишни янада қўллаб-қувватлаш, аёлларнинг бизнесдаги имкониятларини кенгайтириш ва уларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА