Аёл ва болани ҳимоя қилиш ва эъзозлаш – устувор вазифа
Жамиятнинг маданият даражаси унинг аёлларга бўлган муносабати ва болаларга кўрсатилаётган ғамхўрлиги билан ўлчанади.
Урганч давлат университетида бўлиб ўтган мулоқотда нафақат ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси, балки инсон қадрини юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳам муҳокама қилинди.

Президентимизнинг жорий йил 3 мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги фармони ижросига бағишланган ушбу учрашув аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтиришга қаратилди.

– Бу ерда гап нафақат ташкилий чоралар, балки жамиятнинг ички иммунитетини ошириш, зўравонликка қарши муросасиз муҳит яратиш ҳақида борди, – дейди Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар вилоят бошқармаси бошлиғи Нигора Қутлимуратова. – Ушбу фармон шунчаки қоғоздаги бандлар эмас, бу аёллар ва болаларимиз учун мустаҳкам ҳуқуқий қўрғондир. Бизнинг асосий вазифамиз жамиятда зўравонликка қарши мутлақо тоқатсизлик муҳитини яратишдир. Ушбу ҳужжат идоралараро ҳамкорликни шундай занжирга айлантирадики, ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайди. Биз фақат қонун устуворлигини эмас, балки синган қалбларни, оилавий тотувликни ва порлоқ келажакни ҳимоя қилишимиз лозим.

Тадбирда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш энг кучли қалқондир. Аёл ўз ҳуқуқини англаса, бола давлат ҳимоясида эканини билса, зўравонликка ўрин қолмайди.

Тадбир якунида ишчи гуруҳ аъзолари томонидан билдирилган таклифлар Хоразм воҳасида аёллар ва болалар ҳуқуқларини янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири