Аёл борки, олам мунаввар!
Навоий давлат университети томонидан “Фарҳод” маданият саройида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Аёл борки, олам мунаввар!” деб номланган байрам тадбири ташкил этилди.
Унда сўзга чиққан университет ректори, иқтисод фанлари доктори, профессор Муҳиддин Калонов хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш, уларга яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида тўхталиб ўтди.

– Бугунги кунда университетда 18 минг 980 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг 14 минг 482 нафарини қизлар ташкил этади. Фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилар ва ишчи-ходимларнинг эса 650 нафари хотин-қизлардир, – дейди М.Калонов. – Сўнгги йилларда университетнинг талаба қизлари ва профессор-ўқитувчилари томонидан қатор ютуқлар қўлга киритилмоқда. Жумладан, 2 курс магистранти Гулҳаё Равшанова “Ислоҳотлар билимдони” республика танловида 1-ўринни, “Универсиада – 2024” спорт мусобақаларида қизлар жамоаси спортнинг гандбол тури бўйича 2-ўринни, Дилнура Раббимова спортнинг шахмат тури бўйича 2-ўринни қўлга киритган бўлса, аниқ фанлар факультети декани Дилнавоз Камолова эса “Ислоҳотлар билимдони” республика танловида “Энг яхши хотин-қизлар маслаҳат Кенгаши раиси” номинацияси ғолибига айланди. Сўнгги 5 йилдирки, олийгоҳ талабалари ва профессор-ўқитувчилари Зулфия номидаги Давлат мукофотини кетма-кет қўлга киритди. Шунингдек, 2024 йил 27 октябрь куни бўлиб ўтган сайловда тарих кафедраси мудири Азиза Аминова Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланди.

Айни пайтда олийгоҳда фаолият олиб бораётган 23 нафар фан докторининг 15 нафарини, 200 нафар фан номзодининг 126 нафарини хотин-қизлар ташкил этмоқда.

Тадбирда ўзининг фаоллиги, ташаббускорлиги ва самарали меҳнати билан ажралиб турган бир гуруҳ хотин-қизларга университет раҳбарияти томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар иштирокчиларга ҳақиқий байрамона кайфият улашди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири