Айиқлар ҳам алдайдими?
Олимлар фикрича, инсонгина эмас, айрим ҳайвонлар ҳам ўз турдошларини алдаши мумкин. “Journal of Mammalogy” илмий журналида чоп этилган янги тадқиқот Испаниянинг Кантабрия тоғларида яшовчи қўнғир айиқлар орасида баъзилари рақибларини чалғитиш учун атайлаб ўзини каттароқ қилиб кўрсатишини илк бор илмий жиҳатдан тасдиқлади.
Тадқиқот Испания Миллий тадқиқотлар кенгаши, Европа университетлари ва табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари ҳамкорлигида ўтказилди. Олимлар 2021-2024 йиллар давомида махсус кузатув камералари орқали 164 та эркак айиқнинг ҳаракатини таҳлил қилди. Кузатувлар натижасида уларнинг еттитаси дарахтларга чиқиб, ҳудудини белгилайдиган изларни одатдагидан анча баланд жойда қолдиргани маълум бўлди. Бу эса бошқа айиқларда унинг гавдаси аслидагидан йирикроқ деган тасаввур уйғотади.
Мутахассислар таъкидлашича, қўнғир айиқ тик турганида тахминан икки метр баландликкача ета олади. Кузатувлар давомида уч метр баландликда қолдирилган излар ҳам қайд этилган. Дарахтдаги синган шохлар ҳайвон аввал юқорига чиққанини, кейин эса ҳудуд белгисини қолдирганини кўрсатган. Илмий жамоа бу усул кучсиз ёки ёш эркакларга йирик рақиблар билан тўқнашмаслик, хавфни камайтириш ва жуфт топиш имкониятини оширишга хизмат қилиши мумкинлигини билдирмоқда.
Шу билан бирга, тадқиқот муаллифлари барча қўнғир айиқларни “ҳийлагар” деб баҳолашга шошилмаслик кераклигини айтмоқда. Бу ҳолат 164 ҳайвондан атиги еттитасида, яъни 4,3 фоизида кузатилган. Олимлар ушбу кашфиёт ҳайвонлар ўртасидаги мулоқот ва хулқ-атворни янада чуқурроқ ўрганиш учун янги илмий йўналиш очишини таъкидламоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА