Дунё тамаддунида ўзига хос ўринга эга бўлган Ахсикент азалдан кенг жамоатчиликни қизиқтириб келган. Наманган вилоятининг Тўрақўрғон ва Мингбулоқ туманларини боғловчи ҳудудда жойлашган мазкур ёдгорликнинг ўн иккинчи қазув объектида археологлар нодир хазинага дуч келди.
10 метрга 15 метрлик режали қазув тадқиқотлари давомида унинг қуйи қатламидан эрамизнинг I-II асрларига оид бўлган қизил ангобли кўзача бутун ҳолатда топилди. Бу идишда табобатга оид суюқликлар сақлангани айтилмоқда.

Симоб портловчи хусусиятга эга махсус модда бўлиб, бундан бир минг йил олдин Ахсикентда ундан саноат ва ҳарбий мақсадда фойдаланилган. Ушбу периметрнинг юқори қатламларидан XI-XII асрга тегишли илмий фаолиятга оид нодир ашёлар – симоб кўзача, сиёҳдон, кимёвий моддаларни, геологик рудаларни ажратувчи устахона қолдиқлари аниқланди.

Бундан ташқари, аҳолининг ижтимоий ҳаётида фойдаланган минг йиллик мурғоби, карвонда олиб юриладиган сув идиш – фляга, нозик дид билан ишланган нақшинкор ўйинчоқлар, бешик сирли туваклари ва турли мис, бронза тангалар, металл буюмлар топилди.

Мазкур ёдгорликдан жорий мавсумда тўртта йирик муҳандислик қурилмаси ва 4 мингга яқин турли нодир артефактлар топилди.
– Ахсикентни ўрганилиши 1885 йилдан бошланган бўлиб, дастлаб, бу ерда Петербург университетининг профессори, таниқли археолог ва шарқшунос Веселовский иш олиб борган, – дейди “Ахсикент” археология парки ёдгорлик мажмуаси раҳбари Анвар Икромов. – 1913 йилда Кастанье томонидан навбатдаги қазишма ва тадқиқ ишлари ўтказилган.

1939 йили Катта Фарғона канали қурилиши даврида профессор Массон бу ерда археологик разведка ишлари билан шуғулланди. 1960 йилдан эса Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Яҳё Ғуломов бошчилигида мутахассислар Ахсикентда археологик қазишма ишларини амалга оширишди.
1975 йилдан буён эса археологик қазишмалар, Ахсикентни ўрганиш ишлари Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, тарих фанлари доктори, профессор Абдулҳамид Анорбоев бошчилигида амалга ошириб келинмоқда.

Ҳозирда уч минг йиллик бой тарихга эга Ахсикентнинг бир қатор қазув объектларида очиқ осмон ости музейлари барпо этилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.