Пойтахтимизда давом этаётган “Ахборот хизматлари – 2024: миллий ва хорижий тажриба” қўшма ўқув-семинари доирасида ташкил этилган медиа-тренингда ушбу мавзу атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси Бошқарув кенгаши раиси Шерзодхон Қудратхўжа ўз нутқида медиамакон тушунчаси, туркий халқлар мафкураси, ахборот хизмати дуч келадиган муаммолар ҳақида фикр-мулоҳазаларини батафсил билдирди.

Бугунги кунда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуслар асосида миллий контентни яратиш ва кўпайтириш борасида амалга оширилган кенг қамровли ишлар алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети проректори, профессор Нозима Муродова ахборот хизматларининг медиасаводхонлик тарғиботида алоҳида аҳамиятини таъкидлаб, матбуот котиблари ҳамда ОАВ вакилларининг фейк хабар ва дезинформацияларни фарқлашда эътибор қаратишлари лозим бўлган жиҳатлар хусусида атрофлича тўхталди.

Медиа-тренинглар инқирозли коммуникация мавзусида давом этади.
Н.Усмонова,
ЎзА