“Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони ўз эгаларига топширилди
Навоий вилоятидаги Абдулла Қодирий номли Ахборот-кутубхона марказида юртимизда илк бор таъсис этилган “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони соҳибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Жорий йилда ахборот-кутубхона тизимини ривожлантириш, кутубхоналарда сақланаётган миллий маданий меросни асраб-авайлаш ва бойитиш ишларига муносиб ҳисса қўшган, жамиятда мутолаа маданияти, китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва ёш мутахассис кадрларни тайёрлаш борасида самарали меҳнат қилган 4 нафар соҳа ходими “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Тадбирда Навоий вилояти ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Саъдулла Мирзаев иштирок этиб, юртимизда аҳоли, айниқса, ёшларда китобга қизиқиш, мутолаа маданиятини юксалтириш тобора муҳим аҳамият касб этиб бораётгани, Президентимизнинг 2019 йил 7 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори эса бу борада олиб борилаётган ишларнинг янада жонланишига хизмат қилаётганлигини айд этди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда Навоий вилоятида 431 та, жумладан, битта Ахборот-кутубхона маркази, шаҳар ва туманларда 9 та Ахборот-кутубхона маркази, олий таълим муассасалари тасарруфида 2 та, ХТБ тасарруфида 359 та, Маданият бошқармаси тасарруфида 16 та, касбий таълим тизимида 25 та, НКМК тизимида 11 та, “Навоийазот” АЖда 2 та ва 6 та Кўзи ожизлар кутубхонаси аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда.

Биргина Абдулла Қодирий номидаги Ахборот-кутубхона марказининг умумий китоб жамғармаси 165 738 нусхани, китобхонлар сони эса қарийб 14 минг нафарни ташкил этмоқда.
Тадбирда китобнинг инсон қалбида Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, одамларда меҳр-оқибат туйғуларини камол топтиришдаги аҳамияти, бугунги кунда аҳоли, хусусан ёшлар ўртасида китоб мутолаасига бўлган муносабатнинг тубдан ўзгараётганлиги, китобхон оилаларнинг йил сайин ортиб бораётгани, бунинг замирида эса юртимизда китобхонликни янада оммалаштириш ва юксалтириш мақсадида ахборот-кутубхона соҳасидаги ислоҳотлар муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Тадбирда “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони ўз эгаларига тантанали топширилди.

Абдували Бўриев, ЎзА