Ахборот ҳамкорларимиз нигоҳида – Янги Ўзбекистон
Мазкур рукнда ЎзАнинг хорижий ҳамкорлари саҳифаларида эълон қилинаётган Янги Ўзбекистонга оид хабар, кузатув ва баҳолар бериб борилади. Уларда мамлакатимиздаги ижтимоий ислоҳотлар, халқаро ҳамкорлик, технологик дипломатия, маданий алоқалар ва инвестиция лойиҳалари халқаро ахборот маконида қандай акс этаётгани ёритилади.
«БелТА» ахборот агентлиги 26 ноябрь куни Тошкентда иккинчи Беларусь–Ўзбекистон туризм форуми ўтказилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Беларусь Миллий туризм агентлиги директори Кирилл Машарскийнинг Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги элчиси Раҳматулла Назаров билан учрашувида форумга тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинган. Беларусь делегацияси 25–27 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган «Ипак йўлида туризм» Тошкент халқаро туризм ярмаркасида ҳам иштирок этади. Делегация таркибидан туризм, меҳмонхона бизнеси ҳамда санаторий-курорт соҳасида фаолият юритувчи 25 та ташкилот вакиллари ўрин олиши кутилмоқда.

«Kazinform» Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов билан Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг мамлакат халқига йўллаган Мурожаатномасига бағишланган интервьюни эълон қилди.
Акрамжон Неъматов Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг модернизация йўлидаги мақсадлари кўп жиҳатдан муштарак эканини қайд этиб, икки давлат ўртасидаги шерикликни янада кенгайтиришнинг бешта устувор йўналишини кўрсатиб ўтади. Саноат кооперацияси ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш, транспорт-логистика тизимини мустаҳкамлаш, рақамли ва технологик янгиланишни жадаллаштириш, сув-энергетика ҳамда экология соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек, инсон капитали ва гуманитар ришталарни кучайтириш шулар жумласидандир.
Мутахассис, шунингдек, қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, трансчегаравий инфратузилмани ривожлантириш ва технологик занжирларни шакллантиришда минтақанинг барча давлатлари манфаатларини инобатга олиш муҳимлигини таъкидлайди.

Туркиянинг «Anadolu» агентлиги Истанбул шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия божхона органлари ўртасидаги Қўшма божхона кенгашининг олтинчи йиғилиши ўтказилгани ҳамда ўзаро алоқаларни кенгайтиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзолангани ҳақида хабар беради.
Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш, божхона назоратини такомиллаштириш ва контрабандага қарши курашиш, шунингдек, ваколатли иқтисодий операторлар дастурларини ўзаро тан олиш масалалари муҳокама қилинди.
Ораш Акабоев, ЎзА