Ахборот ҳамкорларимиз нигоҳида – Янги Ўзбекистон
Мазкур рукнда ЎзАнинг хорижий ахборот ҳамкорлари саҳифаларида эълон қилинаётган Янги Ўзбекистонга оид хабарлар, кузатув ва баҳолар бериб борилмоқда. Бу жараён нафақат чет эл медиа вакиллари нуқтаи назарини, балки ўлкамиз ҳақидаги ҳаққоний ташқи қарашларни ҳам умумлаштиради. Шу тариқа мамлакатимизнинг тараққиёт йўли, очиқ сиёсати ва ислоҳотлари халқаро ахборот маконида қандай таҳлил қилинаётгани ҳақида муайян тасаввур ҳосил қилиш мумкин.
“АзерТАЖ”: Ўзбекистонда нефть-газ соҳасини ривожлантиришга оид
устувор вазифалар белгиланди

Озарбайжон давлат ахборот агентлиги “АзерТАЖ” Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида нефть-газ соҳасидаги ҳолатга бағишланган йиғилиш ўтказилганига эътибор қаратди.
Қайд этилишича, давлат раҳбарига “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг жорий йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти ҳамда йилнинг қолган қисми учун белгиланган устувор вазифалар юзасидан ахборот берилган.
Нашрга кўра, жорий йил дастлабки олти ойида компания 11,5 миллиард куб/метр табиий газ ишлаб чиқарган. Шунингдек нефть, дизель ёнилғиси, авиация керосини ва суюлтирилган газ тайёрлаш миқдори режадаги кўрсаткичдан ошган. Йил якунига қадар 1,1 миллион тонна автомобиль бензини, 983 000 тонна дизель ёнилғиси, 310 000 тонна авиация ёнилғиси, 606 000 тонна суюлтирилган газ ҳамда қарийб 1,18 миллион тонна сунъий маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Агентлик ёзишича, геосиёсий вазият сабаб Марказий Осиё орқали ҳаво қатнови сони ортиб бормоқда. Шу муносабат билан жорий йил июль-декабрь ойларида авиация ёнилғисига талаб 375 000 тоннага етиши, бу ўтган йил шу даврга нисбатан 27 фоиз кўп экани таъкидланган.
“БелТА”: Беларусь ва Ўзбекистон яқин истиқболга мўлжалланган қўшма тадбирлар режасини муҳокама қилди

Беларусь давлат ахборот агентлиги – “БелТА” хабар беришича, ушбу мамлакат ташқи ишлар вазири ўринбосари Павел Утюпин ҳамда республикамизнинг Беларусдаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси Нуриддин Мамажонов учрашувида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликка доир долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Мақолада қайд этилишича, томонлар Беларусь – Ўзбекистон муносабатининг савдо-иқтисодий, гуманитар ва ҳудудлараро ҳамкорлик йўналишидаги бугунги ҳолати юзасидан фикр алмашган. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 8-9 июль кунлари Беларусга амалга оширган давлат ташрифи давомида эришилган келишувларнинг амалий ижросига алоҳида эътибор қаратилган.
“Синьхуа”: Ужун шаҳри Ўзбекистонга 1700 бош қорамол етказди

Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги маълум қилишича, Нинся-Хуэй мухтор тумани Ужун шаҳри ноябрь ойидан буён Ўзбекистонга 1700 бош қорамол жўнатган. Жониворларнинг асосий қисмини сут берадиган сигирлар ташкил этади.
Мақолада таъкидланишича, экспорт қилинган барча чорва моллари ветеринария-санитария талабига тўлиқ жавоб беради. Ҳар бир ҳайвон дезинфекция, эмлаш ва карантиндан ўтганини тасдиқловчи ҳужжат билан таъминланган.
Қайд этилишича, Ужун қорамоллари юқори маҳсулдорлиги, генетик салоҳияти ва Марказий Осиё иқлим шароитига яхши мослашувчанлиги билан ажралиб туради.
Italpress: Тошкент модернистик меъморчилиги ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди

Италиянинг “Italpress” ахборот агентлиги ёзишича, Тошкентнинг модернистик меъморчилиги расман ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилди. Мазкур қарор Бусан шаҳрида бўлиб ўтаётган Жаҳон мероси қўмитаси 48-сессиясида қабул қилинган. Рўйхатга киритилган, 1960-90 йиллар оралиғида барпо этилган ўнта бино ва меъморчилик мажмуаси 1966 йилги зилзиладан кейин Тошкентнинг қайта тикланиши ва шаҳарсозлик тараққиёти муҳим намунаси сифатида эътироф этилган.
Қайд этилишича, мазкур қарор Ўзбекистонда маданий меросни асраш ва халқаро миқёсда тарғиб қилишга қаратилган давлат сиёсатининг муҳим натижасидир. Муаллиф Президент Шавкат Мирзиёев маданият ва тарихий-меъморий мерос миллий ўзликни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро мулоқотни ривожлантиришнинг муҳим омили эканини бир неча бор таъкидлаганига ҳам урғу берган.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА