Ахборот ҳамкорларимиз нигоҳида - Янги Ўзбекистон
Ҳар қандай янгиликни дунё афкор оммасига етказишда ахборот майдони, хусусан оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Зеро, ҳамкасбларимиз нафaқат хабар тарқатади, балки жамият кайфиятини узатади, ислоҳотларга нисбатан муносабат уйғотади, давлат ва жамоатчилик ўртасида кўприк вазифасини ўтайди.
Мазкур рукнда ЎзАнинг хорижий ҳамкорлари саҳифаларида эълон қилинаётган Янги Ўзбекистонга оид хабарлар, кузатув ва баҳолар бериб борилади. Бу жараён нафақат хорижий медиа вакиллари нуқтаи назарини, балки ўлкамиз ҳақидаги ҳаққоний ташқи қарашларни ҳам умумлаштиради. Шу тариқа мамлакатимизнинг тараққиёт йўли, очиқ сиёсати ва ислоҳотлари халқаро ахборот маконида қандай таҳлил қилинаётгани ҳақида муайян тасаввур ҳосил қилиш мумкин.
Anadolu: Ўзбекистон пойтахтида “Tashkent Water Week 2026”
халқаро форуми бўлиб ўтмоқда
Туркиянинг “Anadolu” ахборот агентлиги Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан Сув хўжалиги вазирлиги, “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети ҳамда Илғор ислоҳотлар маркази кўмагида ташкил этилган “Tashkent Water Week 2026” халқаро форуми очилгани ҳақида мақола эълон қилди.
Анжуман мавзуси – “Сув ресурсларини бошқариш: технология ва инновация. Марказий Осиё ва глобал сув айланиши”.
Қайд этилишича, ярим қурғоқчил минтақада жойлашган, трансчегаравий жиҳатдан Амударё ва Сирдарёга қарам Ўзбекистон кескин сув танқислигига дуч келмоқда.Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, 2030 йилга бориб тақчиллик 15 миллиард куб метрга етиши мумкин. Иқлим ўзгариши, иқтисодиёт ва аҳолининг ўсиб бораётган эҳтиёжи мукаммал ечим талаб қиладиган муаммоларни янада кучайтирмоқда.
Бунга жавобан мамлакатда ресурслардан оқилона фойдаланилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар фаол амалга оширилмоқда: сув таъминоти ва ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш, сув тозалаш технологиясини ривожлантириш, сув йўқотилишини камайтириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини ошириш бўйича халқаро лойиҳаларни илгари суриш.
– Форумнинг асосий мақсади сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни тарғиб этиш, барқарор стратегия ишлаб чиқиш, бизнес, ҳукумат ва халқаро институтлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат, – дея мақолага якун ясаган муаллиф. – Дастур тўрт асосий мавзуни қамраб олган: барқарор ирригация ва қишлоқ хўжалиги, гидроэнергетика ва ресурс баланси, инновация ва технология, фан, таълим ва кадрлар тайёрлаш.
ТАСС: Ўзбекистондаги атом электр станцияси қурилиш майдончасида бетон қуйиш ишлари бошланди
Жиззах вилояти Фориш туманида “Ритм-200Н” реакторига эга кичик атом электр станцияси қурилиш майдончасида бетонлаш ишлари бошланди. Қайд этилишича, 2026 йил апрель ойида якунланиши режалаштирилган реактор пойдевори учун тахминан 900 куб/метр бетон қуйилади. Бу ҳақда ТАСС мухбирига “Росатом” матбуот хизмати хабар берган.

– Шу муносабат билан уюштирилган маросимда “Росатом” давлат корпорацияси муҳандислик бўлими – “Атомстройэкспорт” АЖ Ўзбекистонда Атом электр станцияси қуриш лойиҳаси бўйича вице-президенти ва директори Павел Безруков ҳамда мазкур лойиҳа дирекцияси директори Абдижамил Қалмуратов иштирок этди, – дейилган хабарда. – Кейинги босқичда текислаш, гидроизоляция ва тупроқ уриш ишлари бажарилади.
2024йил “Росатом” ва “Ўзатом” ўртасида республикамизда кичик АЭС қуриш бўйича дунёдаги илк экспорт шартномаси имзоланган.
Kazinform:Авиакомпаниялар учун субсидия, нақд пул ва бонус: Ўзбекистон туризмни изчил қўллаб-қувватламоқда
Ўзбекистонда мамлакатни хавфсиз туристик йўналиш сифатида тарғиб қилиш бўйича кенг кўламли кампания бошланди, деб ёзган “Kazinform” агентлиги.
Дарвоқе, бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда айтиб ўтди.

Мақола муаллифи апрель ойида туроператорларни қўллаб-қувватловчи “Ўзбекистонда очиқ туризм мавсуми” эълон қилинишига эътибор қаратиб, 1 апрелдан бошлаб, уч ой давомида жалб қилинган ҳар 1000 хорижий сайёҳ учун тадбиркорлик субъекти 5000 долларгача субсидия олиши мумкинлигини қайд этган. Орттирилган қиймат солиғининг ярми кешбэк сифатида қайтарилади.
Ҳаво қатновини рағбатлантириш бўйича ҳам молиявий чоралар кўрилмоқда: янги йўналишларни очган авиакомпаниялар жалб қилинган ҳар бир чет эллик турист учун 100 доллар олади. Шунингдек, аэропорт хизмати учун 20 фоиз чегирмага эга бўлади.
Ижтимоий тармоқ орқали мамлакатни фаол тарғиб қилиш ҳам режалаштирилган: 5 миллиондан ортиқ обуначига эга 50 нафар хорижий блогер учун Ўзбекистонга етти кунлик бепул саёҳат уюштирилади.
АзерТАЖ: БМТ ва Ўзбекистон беш йиллик ҳамкорлик якунини сарҳисоб қилди
Озарбайжоннинг етакчи расмий ахборот агентлигида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Ўзбекистон ҳукумати эришилган натижаларни ҳар томонлама баҳолаган ҳолда, 2021-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик даври расман якунланган ҳақида мақола эълон қилинди.
Хабарга кўра, беш йиллик якуни ижтимоий соҳа, рақамли трансформация, соғлиқни сақлаш, таълим ва экология барқарорлигини таъминлашда сезиларли ютуқларга эришилганини кўрсатган.

2025 йилга келиб ҳамкорлик орқали 200 000 га яқин одам ҳаётий муҳим ижтимоий ёрдам олди. Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича давлат нафақалари жорий этилди.Рақамлаштириш ислоҳотнинг асосий воситасига айланди: 12,8 миллион фуқаро тез ва қулай давлат хизматидан фойдаланиш имконига эга бўлди.
Мақолада айтиб ўтилганидек, соғлиқни сақлаш соҳасида 1 миллион 800 минг аёл ва янги туғилган чақалоққа ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилди. БуЎзбекистонда она ва бола саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим қадамдир. Мамлакат бўйлаб таълим муассасаларида замонавий ўқитиш усули ва рақамли саводхонлик дастури жорий этилган. Шу билан бирга иқлим бўйича ҳаракатни яшил иш ўрни яратиш билан бирлаштиришга қаратилган янги экологик ташаббуслар илгари сурилди. Жорий давр тугагандан сўнг БМТ 2026-2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорликнинг янги асосини амалга оширишга киришади. БМТнинг республикамиздаги доимий мувофиқлаштирувчиси Сабина Маҳл кейинги босқич ягона тамойил – инсон учун сармоя киритишга асосланишини таъкидлади. Инклюзив тараққиётни таъминлашга қаратилган мазкур янги ёндашув ҳар бир киши, айниқса аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига мамлакат ҳаётида фаол иштирок этишб, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имконини беради.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов халқаро ҳамкорлар, биринчи навбатда БМТ билан изчил мулоқот тараққиётнинг муҳим омилига айланаётганини таъкидлади.
ЎзА мухбири Гўзал Сатторова тайёрлади.