Халқаро молия институтларидан Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки, Саудия тараққиёт жамғармаси ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг маблағлари Республика автомобиль йўллари соҳасига йўналтирилган. Бу ҳақда Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева маълум қилди.
Ўтган тўрт йил давомида мазкур халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 875 миллион долларлик 8 та лойиҳа амалга оширилди. 465 км узунликдаги магистраль йўллар, яъни, шунинг 325 километри цемент-бетон ва 140 километри асфальт-бетон йўллар қуриб, фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига 5 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Келгуси 10 йилда яна 45 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Жорий йилда 175 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағлар ўзлаштирилиши таъминланади. Бунинг натижасида Бухоро вилоятида халқаро аҳамиятга молик 87 км узунликдаги 4 тасмали цемент-бетон қопламали автомобиль йўли реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилади. Шунингдек, 110 км маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўллари капитал таъмирланади. Шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида 2 та мега лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Булар, Тошкент-Андижон ва Тошкент-Самарқанд пуллик автомобиль йўллари ҳисобланади.
Мутахассисга кўра, автомобиль йўлларида Интеллектуал транспорт тизими, автомобилларнинг ҳаракат вақтида вазнини ўлчаш тизими жорий қилинади. 2025 йилда А-373 “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг Қамчиқ довонидан ўтган 100 км қисмида пилот тариқасида Интеллектуал транспорт тизими жорий қилинади.
Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, келгусида автотранспорт воситалари ҳаракатини бошқаришнинг интеллектуал тизимларини (ақлли чорраҳа, ақлли автобус ва смарт бекат) жорий этиш ва рақамли технологиялар ва инновацион ёндашувларни кенг қўллаш орқали йул ҳаракати хавфсизлиги таъминланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА