"Автомобилсиз кун" йўлларда акс этмади
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 мартдаги “Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, ҳар ойнинг 10 ва 25-саналарида “Автомобилсиз кун” ҳамда “Автомобилсиз ҳафта” акциялари ўтказиш режалаштирилган.
Мазкур ташаббус автотранспорт воситаларидан ҳавога чиқадиган зарарли ташламаларни камайтириш ва бу орқали экологик барқарор муҳитни шакллантириш, шунингдек, жамоат транспорти ва экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланиш маданиятини кенг тарғиб қилишга хизмат қилиши кўзда тутилган. “Автомобилсиз кун” ва “Автомобилсиз ҳафта” акциялари доирасида давлат фуқаролик хизматчилари томонидан автотранспорт воситаларидан фойдаланиш жавобгарликка сабаб бўлади.
Аслида автомобилсиз куннинг муваффақияти уни эълон қилиш билан эмас, ўша куни кўчаларда ҳақиқатан ҳам автомобиллар камайиши билан ўлчанади.
Масалан, кеча 10 ноябрь мамлакатимизда “Автомобилсиз кун” ҳамда “Автомобилсиз ҳафта” акциялари ўтказилди. Номига қараганда, автомобилсиз кун. Балки, давлат ва нодавлат ташкилотлар ходимлари ҳамда қайсидир юртдошларимиз акцияларда фаол қатнашаётгандир. Агар натижалар амалда акс этганида ушбу кунда шаҳарнинг баъзи кўчаларида бўлса-да, машиналар оқими сийраклашиб, пиёдалар ва жамоат транспортига кенгроқ ўрин бўлиши керак эди. Аммо амалда манзара ҳамон ўзгармаган: тирбандликлар, узлуксиз сигналлар, автомобиллар оқими — ҳаммаси одатдагидек. Бир кунлик ташаббус ҳам ҳайдовчиларни шахсий транспортдан воз кечишга ундай олмаса, унинг экологик самараси ҳақида гапириш мушкул.
Автомобилсиз кунни шиор ёки тақвимдаги санага айлантириш осон. Аммо унинг натижасини кўриш учун муқобил транспорт имкониятлари, тарғибот ва энг муҳими, ҳар биримизнинг шахсий масъулиятимиз зарур.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА