Автоматлаштириш: вақт ва нақдни тежаш имконияти
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан штрих кодлаш технологияси ёрдамида омборда хизмат кўрсатиш жараёнларини автоматлаштириш бўйича иш олиб борилди.
Мақсад, моддий ва товар бойликлари омборларини бошқаришни оптималлаштириш, заводни моддий ва товар бойликлари билан ўз вақтида ва узлуксиз таъминлаш учун шароит яратиш, уларни тайёрлаш ва логистика учун иш вақтининг йўқотилишини камайтириш, сақлашни қисқартиришдан иборат.

Маълумот учун, заводда 3 та асосий омбор хўжалиги мавжуд бўлиб, уларда ҳар хил моддий-техник захира(МТЗ)лар сақланади. Ҳар бир омбор маълум тоифадаги товарлар сақланадиган зоналарга бўлинади.
Заводнинг Ахборот технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш маркази ва Ускуналар базаси мутахассислари томонидан корхона омбор хўжаликларининг ушбу тизимини ўрганиш ва жорий этиш бўйича ишлар олиб борилди. Хусусан, корхона “1C” платформасида штрих кодлаш ёрдамида “1C-Омбор” қуйи тизими такомиллаштирилди.
Маълумот учун, омборда товарларни штрих кодлаш тизимининг ишлаш принципи шундаки, товарга индивидуал идентификатор – штрих код ўрнатилади. Ҳар бир кодда товар ва материаллар ҳақидаги одатий маълумотлар (номи, ишлаб чиқарувчиси, ишлаб чиқарилган жойи) ва унинг хусусиятлари ҳақида батафсил маълумотлар – яроқлилик муддати, рақами, қандай ускунада ва қайси йўналиш учун ишлаб чиқарилганлиги бўлиши мумкин.

Шунингдек, заводга тегишли бўлган 1, 2, 3-хўжалик омборхоналарида завод масъул ходимлари иштирокида ушбу тизим иш фаолиятининг самарадорлиги ва ишчи-хизматчиларга яратилган шарт-шароитлар ўрганиб чиқилди. Жумладан, завод омборхоналарининг ҳолати текширилиб, қабул қилинаётган материалларнинг кириш назорати тартиби ўрганилди. Товарларни сақлаш шароитлари ва муддатлари билан танишилди.
Ўз навбатида, штрих кодлаш тизимининг ишлаш принципи, товарлар қандай ёрлиқланиши, товар қабул қилиниши ва буларнинг барчаси “1C” тизимига қандай интеграциялашгани ўрганилди.
Штрих коднинг асосий афзаллиги шундаки, у электроника томонидан осонгина “ўқилади”. Штрих кодни “ўқиган” қурилма рўйхатга олиш ва қайта ишлаш учун маълумотларни омборнинг “1C” ахборот тизимига ўтказади. Бу маълумотларни киритиш хатоликларини бартараф этишга имкон беради.
Зариф Комилов, ЎзА