Автобусда бепул юриш одати қимматга тушиши мумкин
Жамоат транспортида йўл ҳақини тўлаш тартиби аниқ белгиланган. Энди йўловчилар автобусга чиқиши биланоқ тўловни амалга ошириши шарт, акс ҳолда маъмурий жавобгарликка тортилади.
Автобусга чиқишнинг ўзи йўл ҳақини тўлаш мажбуриятини юзага келтиради. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 июндаги тегишли қарорида ҳам 1 сентябрдан бошлаб автобусларда йўл ҳақини транспорт воситасига кириш вақтида тўлаш тартиби жорий этилган. Демак, йўловчи манзилига етиб боришни ёки назоратчининг келишини кутиши эмас, автобусга чиқиши билан тўловни амалга ошириши керак.
Тошкент шаҳар транспорт ва йўл транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, пойтахт жамоат транспортида йўл ҳақини тўлаш тартибига риоя этилиши юзасидан назорат тадбирлари мунтазам ўтказилмоқда.
Қайд этилишича, 2026 йил бошидан 10 ноябрга қадар йўл ҳақини тўламаган 146 минг 537 нафар йўловчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Фақат 9 ноябрь кунининг ўзида бу кўрсаткич 916 нафарни ташкил этган. Рақамлардан маълумки, жамоат транспортида тўлов интизоми ҳамон долзарблигича қолмоқда.
Тўлов — фақат шахсий мажбурият эмас. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддасига мувофиқ, йўл ҳақини тўламаслик маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Жамоат транспортидан фойдаланишда ҳар бир йўловчининг масъулияти бор. Чунки транспорт тизимининг барқарор ишлаши, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва йўналишларни ривожлантиришда тўлов интизоми ҳам муҳим ўрин тутади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА