«Авиасозлар» бозорида тартибсиз савдо нуқталари бартараф этилмоқда
Тошкент шаҳри ва Яшнобод тумани ҳокимликлари ижтимоий тармоқларда тарқалган «Кадишева бозори»даги савдо расталари бузилаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, гап бозорнинг расмий савдо расталари ҳақида эмас, балки бозор атрофи ва унга туташ ҳудудларда ташкил этилган тартибсиз савдо нуқталари ҳақида кетмоқда.

Яшнобод тумани ҳокимлиги ахборотига кўра, айрим фуқаролар ҳудудда тегишли рухсатномаларсиз ҳамда санитария-эпидемиология талабларига риоя қилмасдан мева-сабзавот савдосини амалга оширган. Шу муносабат билан ноқонуний савдо нуқталарини бартараф этиш ва тадбиркорларни махсус ажратилган қонуний савдо жойларига кўчириш ишлари олиб борилмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳам «Авиасозлар» бозори ва унинг расмий савдо расталари бузилаётгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Қайд этилишича, бозорга туташ ҳудудларда мева-сабзавотлар билан бир қаторда гўшт маҳсулотлари ва калла-поча ҳам тегишли ҳужжатларсиз ҳамда санитария талабларини бузган ҳолда сотилган. Бу эса озиқ-овқат хавфсизлиги учун муайян хавфларни келтириб чиқарган.
Шунингдек, тартибсиз савдо пиёдалар ва транспорт ҳаракатига халақит бериб, тирбандликлар, одам тўпланиши ҳамда тартибсиз автотураргоҳларнинг юзага келишига сабаб бўлган.

Маъмурият маълумотига кўра, ҳудудда савдо қилган фуқароларга бозор ичидаги махсус ажратилган қонуний жойлар таклиф этилмоқда.
Ҳокимликнинг билдиришича, ҳудудда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, автомобиллар учун замонавий автотураргоҳ ташкил этиш режалаштирилган. Бу эса ҳудуддаги тирбандликларни камайтириш, транспорт ва пиёдалар ҳаракатини хавфсиз ҳамда қулай ташкил этишга хизмат қилиши айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилгани сабабли айрим бозор ҳудудлари фаолияти вақтинча чекланган эди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА