Баъзан турли сабабларга кўра режалаштирилган сафарни бекор қилишга тўғри келади. Ана шундай ҳолларда сотиб олинган авиачиптани қандай қайтариш мумкинлиги ва қайси ҳуқуқларга эга эканлигимизни билиш жуда муҳим.
Чиптани қайтариш чоғида муаммога дуч келмаслик учун истеъмолчилар нималарни билишлари керак?
Рақобат қўмитаси бош мутахассиси Аҳрорхон Аҳмедовнинг сўзларига кўра, “Авиачиптани қайтаришда истеъмолчилар, аввало, авиакомпания томонидан белгиланган шартлар билан танишиб чиқишлари лозим.
– Авиачиптани бошқа санага ёки вақтга қайта расмийлаштиришга тўғри келса, иложи борича эртароқ уни сотиб олган жойга (масалан, авиакомпанияга, сайёҳлик агентлигига ёки авиакассага) мурожаат қилиш керак, – дейди Аҳрорхон Аҳмедов. – Баъзан чиптани телефон ёки интернет орқали қайта расмийлаштириш мумкин бўлади, баъзи ҳолларда эса ҳатто бунинг учун пул ҳам талаб қилинмайди. Авиачиптани алмаштирганда ёки қайтариб топширганда авиакомпания барча пулларни қайтариб бермаслиги мумкин. Бундан ташқари, доим ҳам чиптани алмаштириш ёки қайтариб топшириш мумкин бўлмайди. Булар айниқса, арзон, акциялар билан сотиб олинган чипталарга тегишли. Қимматроқ ёки юқори классда бўлган чипталарни алмаштириш осонроқ ва жарималари камроқ бўлади.
Авиачипталарни қайтаришнинг ўзига хос шартлари бор. Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексининг 104-моддасига кўра Йўловчи ҳаво транспортида ташиш шартномаси амал қилиб турган исталган вақтда — йўловчи учун жой банд қилиб қўйилган ҳаво кемаси парвоз қилгунича ёки парвоз қилганидан кейин йўналиш манзилларидан бирида ҳаво транспортида ташиш шартномасини бекор қилиш ва ташиш учун тўланган сумманинг ҳаммасини ёки бир қисмини ташувчининг тарифларини қўллаш қоидаларида белгиланган тартибда олиш ҳуқуқига эга.
Умуман ёки қисман фойдаланилмаган авиачипталар учун пулни қайтариб бериш, сотиш қоидаларига кўра қайтарилмайдиган авиачипталардан ташқари, ташувлар сотилган мамлакатда амалга оширилади.
Қайтариладиган сумма ташувлар учун дастлаб қандай валютада ҳақ тўланган бўлса, ўша валютада амалга оширилади. Агар йўловчи чиптани дастлаб сотиб олган жойга қайтиб кела олмаса, сумма унинг ишончли шахсига, юридик расмийлаштирилган ишончнома асосида қайтарилади.
Самолёт чипталарини қайтаришда истеъмолчи ўз ҳуқуқларини яхши билиши, чипта тури ва авиакомпания шартлари билан таниш бўлиши муҳим. Агар уларнинг ҳуқуқлари бузилса, тегишли давлат органларига мурожаат қилиш орқали муаммони ҳал этиш имконияти мавжуд.
Нигора Раҳмонова тайёрлади, ЎзА