Август ойида 71,9 миллиард сўмлик энергия ресурслари талон-торож қилинган
Бу ҳақда “Ўзэнергоинспекция” ахборот хизмати хабар берди. Унда қайд этилишича, жорий йилнинг август ойида истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 321 та ҳолат аниқланган.
Ўтказилган назорат тадбирлари давомида 19 миллион кВт·соат электр энергияси ҳамда 10 миллион метр куб табиий газдан қонунга хилоф равишда фойдаланилгани маълум бўлган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, талон-торож қилинган электр энергияси 40,7 миллиард сўмга, табиий газ эса 31,2 миллиард сўмга баҳоланган. Натижада жами 71,9 миллиард сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Шунингдек, истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар юзасидан 340 та маъмурий иш расмийлаштирилган.
Мутахассисларнинг қайд этишича, инспекция томонидан энергия ресурсларидан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш, уларга барҳам бериш ҳамда бундай қоидабузарликларнинг олдини олишга қаратилган назорат тадбирлари изчил давом эттирилади.
Энергия ресурсларини талон-торож қилиш, улардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ва белгиланган талабларни бузиш ҳолатларига нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар қатъий қўлланилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА