Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси билан 2024 йилнинг 25 декабридан 2025 йилнинг 5 январь кунига қадар республикамизнинг барча ҳудудларида “Долзарб 10 кунлик” тозалик тадбирлари ўтказилди.
Тадбир давомида маҳалла ҳудудларини озода сақлаш, байрам тадбирларида чиқинди тўпланиб қолишининг олдини олиш, чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетишга қатъий риоя қилиш бўйича ҳудудларда доимий тарзда тозалик ишлари ташкил этилди. Бунда 124 та санитар тозалаш корхонаси томонидан 800 минг 263 та жамоат жойи, маҳаллалар ва марказий кўчалар обод қилинди. “Долзарб 10 кунлик” давомида республика ҳудуди жами 135 минг 200 тонна чиқиндидан тозаланди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, бу каби тозалик тадбирлари Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан доимий тарзда ташкил этилади.
Хусусан, ўтган йилнинг 20 сентябрь куни республикамизнинг барча ҳудудларида “Бутунжаҳон тозалик куни” муносабати билан “Ҳаёт учун жой ажратинг” шиори остида оммавий плоггинг эко-акцияси ташкил этилди ва 36 минг 506 тонна чиқинди бартараф қилинди.
Бундан ташқари, “Халқаро чиқиндисиз дунё учун” (World Zero Waste day) куни муносабати билан ўтказилган оммавий плоггингда барча ҳудудлар 228,1 тонна чиқиндидан тозаланишига эришилган.
Мазкур тадбирлар атроф-муҳитни озода сақлаш, экологик масъулиятни янада ошириш, юртдошларимизда табиатга дахлдорлик ҳисси ортишига хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА