“Атом-2050": Бугунги ёшлар - эртанги мутахассислар
Атом энергетикасининг келажаги замонавий технологиялар билан бир қаторда, малакали мутахассислар ва ёш авлоднинг салоҳиятига ҳам боғлиқ.
Шу боис Марказий Осиё мамлакатларида соҳани ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш ва ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу йўналишдаги устувор вазифаларни муҳокама қилиш мақсадида Тошкентда “Марказий Осиё. Атом-2050” халқаро сессияси ташкил этилди.
Мазкур учрашув Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан 500 га яқин ёшни бирлаштирди. Сессияда иштирокчилар минтақанинг атом саноати ва энергетика соҳаси вакиллари билан мулоқот қилиб, келажак мутахассисларини тайёрлаш, ёшларни соҳага жалб этиш ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёқилғи-энергетика масалалари бўйича маслаҳатчиси Беҳзод Норматов, “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв ва “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев сўзга чиқиб, атом энергетикасини ривожлантиришда инсон капитали, ёшларнинг иштироки ва мутахассислар тайёрлаш тизимининг аҳамиятини таъкидлади.
Қайд этилганидек, Жиззах вилоятида интеграциялашган атом электр станциясини барпо этиш мамлакатда янги технологик йўналишни ривожлантиришга хизмат қилади. Бундай лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳандислар ва бошқа малакали мутахассисларни тайёрлаш, илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш ҳамда хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш зарур.
Замонавий станция қуриш эса кенг кўламли вазифа. Аммо уни ишлатадиган, хавфсизлигини таъминлайдиган, технологияларни ривожлантирадиган ва билимларни кейинги авлодга етказадиган мутахассисларни тайёрлаш ҳам бундан кам аҳамиятга эга эмас. Айнан шунинг учун кадрлар тайёрлаш бутун лойиҳа муваффақиятининг асосий шартларидан бири.
Атом саноатида инсон салоҳиятининг ўрни ҳақида сўз юритар экан, Алексей Лихачёв ёшларнинг фикрларини билиш ва уларнинг манфаатларини келгуси режаларда ҳисобга олиш муҳимлигини айтиб ўтди.

- Ёшларнинг қарашларини эшитиш биз учун жуда муҳим. Бугун йирик дастурларни шакллантирар эканмиз, сизнинг манфаатларингиздан келиб чиқишимиз шарт. Зеро 20-30 йилдан кейин айнан сиз ушбу объектларда ишлайсиз ва уларни олдинга силжитасиз. Атом станцияларига шунчаки тайёрланган мутахассислар эмас, балки ўз мамлакатлари ва атом технологиялари ривожининг драйверига айланишга тайёр бўлган ҳамфикрлар келиши муҳим, - дея қайд этди Алексей Лихачёв.
“Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев ҳам ёшларнинг ташаббуслари ва мустақил фикрлаши соҳа учун муҳим эканини таъкидлаб, таълим жараёнини амалий тажриба билан боғлаш зарурлигига эътибор қаратди.
- Мен талабаларнинг қарашлари ва ностандарт фикрлашига тўлиқ қўшиламан. Бу жуда илҳомлантиради. Биз амалга ошираётган улкан лойиҳа ёшлар ўз салоҳиятини рўёбга чиқарадиган, ўзини бу соҳага ҳақиқатан ҳам кераклигини ҳис қиладиган ҳамда унинг ривожланишига ҳисса қўшадиган майдонга айланиши учун таълимдан амалиётга ўтиш тизимини жиддий йўлга қўйишимиз керак, - деди у.
Сессия “Impact Team 2050” ташаббуси доирасида ташкил этилган бўлиб, Марказий Осиёда Халқаро ёшлар маслаҳат кенгаши иштирокида ўтказилган бундай форматдаги биринчи очиқ учрашув ҳисобланади. Унинг асосий мақсади минтақа ёшларининг 2050 йилгача атом технологияларини ривожлантириш бўйича умумий қарашларини шакллантириш, соҳага кириб келишдаги тўсиқларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган.
Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистонда ўтказилган миллий мулоқотлар натижаларига асосланган тақдимотда ёшларнинг атом саноатига кириб келиш ҳақидаги қарашлари таҳлил қилинди.
Шунингдек, олий таълим муассасалари, иш берувчилар ва давлат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, талабаларни ўқиш давриданоқ амалий фаолиятга жалб этиш бўйича таклифлар илгари сурилди. Ёшлар билдирган фикрлар соҳа раҳбарлари билан кейинги мулоқотлар учун муҳим асос бўлиб хизмат қилди.
“Марказий Осиё. Атом-2050” сессияси тўрт мамлакат ёшлари ва атом саноати вакилларини ягона мулоқот майдонида бирлаштирди. Учрашувда мутахассислар тайёрлаш, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Бундай мулоқотлар минтақада атом технологияларини ривожлантириш бўйича умумий қарашларни шакллантириш ва келажак авлод мутахассислари учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА