Atlantic Council: Ҳурмуз инқирози ва Ал-Нинё дунёни озиқ-овқат инқирози ёқасига олиб келиши мумкин
“Atlantic Council” нашри дунё икки йирик инқироз билан юзма-юз келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда: Ҳурмуз бўғози орқали ўтадиган нефть ва газ таъминоти узилиши ва ўта кучли Ал-Нинё хавфи.
Мислсиз инқироз қўшилиб келиши нафақат энергетика тизими, балки жаҳон озиқ-овқат бозорига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Ҳурмуздаги узоқ муддатли узилиш газ нархини ошириб, таъминоти бевосита табиий газга боғлиқ азотли ўғит ишлаб чиқариш жараёнига таҳдид солмоқда. Қолаверса, кучли Ал-Нинё қурғоқчилик, сув тошқини ва иссиқ тўлқин келтириб чиқариши дунёнинг турли минтақаларида ҳосил камайишига сабаб бўлади.
Энг ташвишланарли ҳолат кескин қимматчилик ортидан егулик танқислиги тартибсизлик ва ижтимоий норозилик келтириб чиқариши эҳтимоли кучайиши билан боғлиқ. Таҳлилчилар ҳисоб-китобига кўра, Ал-Нинё оқибатида қўшимча 49 миллион одам озиқ-овқат хавфсизлигини бошидан кечиради.
Бинобарин, “Atlantic Council” энг ёмон оқибатнинг олдини олиш мумкинлигини ҳам таъкидлаган. Яъни, бу жараёнда асосий омил Ҳурмуз орқали юк ташилишини тезроқ тиклаш, халқаро ҳамкорлик ва мамлакатлар томонидан жорий қилинган озиқ-овқат экспортига чекловни бекор қилишдир.
Ал-Нинё – экватор яқинида марказий ва шарқий Тинч океани суви ғайри табиий исиши билан тавсифланган иқлим ҳодисаси. Бу ҳодиса меъёрий об-ҳаво шароитини бузиб, бутун дунё бўйлаб иқлимга салбий таъсир қилади.
С.Раҳимов, ЎзА