Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида Ўзбек жанг санъати федерацияси раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози, Халқаро тоифадаги спорт устаси, Бутунжаҳон миллий спортлар федерацияси вице-президенти Пўлат Усмоновнинг “Ассалом, тонг! соғломлаштириш машқлари илмий-оммабоп қўлланма” китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда университет ректори Рашид Маткаримов, проректорлар, кафедра мудирлари, Ўзбек жанг санъати федерацияси масъуллари, Россия ва Ҳиндистон давлатларидан ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар, спорт соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар ҳамда бир қатор спорт-соғломлаштириш маркази вакиллари иштирок этди.
Тақдимот давомида сўзга чиққанлар мазкур китоб ҳақида ўзининг илиқ фикрларини билдириб, у нафақат кенг омма учун, балки яккакураш спорт турлари билан шуғулланувчи турли тоифадаги спортчилар учун ҳам чигалёзди ва тиклантириш машқлари сифатида зарурий қўлланма бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар.
Шунингдек, тадбир давомида ушбу китобдаги машқлар мажмуаси аҳолининг турли қатламлари саломатлигини мустаҳкамлаш, ёшларда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш ҳамда жисмоний ҳолатини яхшилаш учун ҳам муҳим манба бўлиши қайд этилди.
[gallery-22862]
Тадбир якунида фаол иштирокчиларга сертификат ва эсдалик совғалари топширилди.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА