Шу кунларда энг улуғ, энг азиз байрамимиз – диёримиз мустақиллигининг 34 йиллиги барча ҳудудларимизда кенг нишонланмоқда. Улар орасида йирик ишлаб чиқариш корхоналарида ўтказилаётган маданий тадбирлар алоҳида аҳамият касб этади.
Куни кеча пойтахтимизда жойлашган “AsiaTrans Gas” МЧЖ ҚК бош идорасида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Эрта тонгдан меҳмонларни байрамона муҳит қамраб олди: карнай-сурнай садолари ушбу улуғ айёмга ўзгача зеб бериб, барчанинг кўнгли қувонч ва фахрга тўлди. Тадбир аввалида мазкур корхона бош директори Лю Чжигуан нутқ сўзлаб, иштирокчиларни ушбу шодиёна кун билан табриклади.

– Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлининг ўттиз тўрт йили давомида сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда салмоқли ютуқларга эришди, -деди у ўз нутқида.– Ана шундай қулай шароитда компаниямизнинг барқарор ривожланиши йўлида биз ҳам саъй-ҳаракат қиляпмиз. Бугунги ютуқларимиз нафақат бутун жамоанинг фидокорона меҳнати натижаси, балки Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам дўстликнинг ёрқин исботидир. Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, компаниямиз томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар Хитой-Ўзбекистон ҳамкорлигининг намунаси бўлиб, маданиятлар уйғунлигининг бетакрор жозибасини яққол намоён этмоқда.

Қувонарли жиҳати, компания ходимлари концерт дастури давомида маданий хилма-хиллик ва бирликнинг ёрқин тимсолини намойиш этишди. Меҳмонларда айниқса, Бухоронинг анъанавий “Мавриги” рақси ҳамда ўзбек ва хитой вакиллари томонидан ижро этилган “Ўзбекистон – Ватаним маним” қўшиғи катта таассурот қолдирди. Қолаверса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, доира устаси Аббос Қосимовнинг чиқиши тантанага завқ ва миллий ранг-баранглик бағишлади.
Йиғин иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотган жиҳатлардан яна бири бу – тандирда сомса тайёрлаш бўйича ўтказилган маҳорат дарси бўлди.

– Бу шунчаки ошпазлик эмас, балки халқларимизни бирлаштирадиган маданият, -деди мазкур компания ходими Линь Ци. – Бугун мен биринчи марта ўзим сомса тайёрладим, ишонасизми, бу мен учун чинакам кашфиёт бўлди.
Шунингдек, тадбирда уста-ҳунармандлар маҳсулотлари кўргазмаси ҳам алоҳида эътироф этилди. Кўргазмада миллий либосларимиз, турли кулолчилик буюмлари, ўзбек нақшлари тасвирланган сўзана ҳамда китоблар учун ишланган лавҳ намойиш этилди. Бу ижод намуналарида ўзбек халқининг бой тарихи ва қадриятлари яққол сезилади.

Анжуманнинг энг ажойиб лаҳзаси эса меҳмонларни палов билан меҳмон қилиш бўлди, дейиш мумкин.
– Ўзбекча ош бу миллатимизнинг дўстлик ва меҳмондўстлик рамзи, - деди компания ходимаси Наргиза Абутолипова. – Биз ҳаммамиз бир дастурхон атрофида ўзимизни ягона жамоа сифатида ҳис қиламиз.
Тадбир якунида барчанинг юзида табассум, кўнглида ғурур ва фахр ифодаси акс этди. Байрамона руҳ, дўстона мулоқот ва маданий уйғунлик бахш этган ушбу тантана нафақат компания ходимлари, балки барча ташриф буюрувчиларда ҳам унутилмас таассурот қолдирди. Бу каби учрашувлар халқларимиз ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлаб, маданий алмашинув ва ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/oUu6Jsy6LR8" title="“Asia Trans Gas”da O‘zbekiston Mustaqilligining 34 yilligi nishonlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Азиза Алимова, Дониёр Якубов (видео), ЎзА