Асаларилар чанглантирган боғларда ҳосилдорлик юқори бўлади
Мамлакатимизда асаларичилик тармоғини ривожлантириш, асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини янада кўпайтириш, асални қайта ишлаш бўйича замонавий технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тармоқда наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш, асаларичилик хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш борасида муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда асаларичилик тармоғи бўйича 2 мингдан ортиқ ташкилот фаолият юритади. Уларда 917 мингдан ортиқ асалари оиласи мавжуд. Аммо асал берадиган ўсимликлар майдонларининг қисқариши ва нектар манбаларининг камайиши асал ҳосилига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис, асалбоп ўсимликлар экиладиган майдонларни кўпайтириш, ҳудудларда асал сифати ва асалари касалликларини текширувчи лабораториялар имкониятларини кенгайтириш муҳим масалалардан ҳисобланади.
13 октябрь куни яйловлар деградациясининг олдини олиш, сув таъминотини яхшилаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш юзасидан Президентимизга қилинган тақдимотда яйловлардан бошқа тармоқлар билан бир қаторда асаларичилик йўналишларида ҳам фойдаланиш муҳим экани қайд этилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган тадбирда асаларичилик соҳасида қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, тармоқдаги муаммоларни бартараф этиш масалалари мутахассислар иштирокида муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ер юзидаги озиқ-овқат маҳсулотларининг аксарият қисми айнан асалариларнинг гулларни чанглатишига боғлиқ. Асаларилар ёрдамида чанглантирилган боғлар ва экин майдонларида ҳосилдорлик бир неча баробарга ошади. Шу билан бирга, биохилма-хилликни сақлашда ҳам асалари муҳим ўрин тутади. Улар ёввойи ўсимликларнинг кўпайишини таъминлаб, экотизимлар, ўрмонлар ва яшил ҳудудларнинг яшаб қолишига хизмат қилади.
Тадбирда жаҳон стандартларига мувофиқ асал маҳсулотлари сифатини белгилаш бўйича махсус лабораторияларни янада кўпайтириш, тармоқни малакали мутахассис кадрлар билан таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Асаларичилик тармоғини янада ривожлантиришда давлат органлари вазифаларини белгилаш, асаларилар касалликлари ва зараркунандаларига қарши курашишга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани янада мустаҳкамлаш бўйича таклифлар берилди. Соҳага оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
М.Комилова, ЎзА