Арслонбек Тожиев “Grand Slam-2026” совриндорига айланди
Швейцариянинг Лозанна шаҳрида дзюдо бўйича «Катта Дубулға» туркумига кирувчи “Grand Slam-2026” мусобақасининг иккинчи куни ҳам полвонларимиз учун муваффақиятли якунланди.
Мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли ўтган кун якунида -81 килограмм вазн тоифасида татамига чиққан Арслонбек Тожиев кумуш медални қўлга киритди.
Полвонимиз финалга қадар Германия, Туркия, Финляндия, Украина ва Бразилия вакилларини мағлубиятга учратиб, ҳал қилувчи баҳсга йўл олди. Финалдаги натижага кўра, юртдошимиз мусобақани иккинчи ўринда якунлади.
Шу тариқа Арслонбек Тожиев ўз ҳисобига 700 рейтинг очкосини қўшиб қўйди. Унинг 350 очкоси Олимпия ўйинлари йўлидаги рейтинг учун ҳисобга олинади.
Бугун мусобақанинг сўнгги куни эркаклар ўртасида -90, -100, +100 кг, аёлларда эса -78, +78 кг вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланади. Кун давомида Ўзбекистон терма жамоасининг 9 нафар дзюдочисига мухлислик қиламиз.
Бугун татамига чиқадиган дзюдочиларимизнинг илк давра баҳслари:
-90 кг: Нурбек Муртазоев – Вугар Талибов (Озарбайжон)/Акаки Жапаридзе (Грузия)
-90 кг: Умар Бозоров – Ноа Кристианс (Бельгия)/Лассе Шрейвер (Германия)
-100 кг: Эрназар Сарсенбаев – Марат Байкамуров (Қозоғистон)
-100 кг: Тўлқинбек Турдиев – Максимс Дуиновс (Латвия)
+100 кг: Музаффарбек Тўрабоев – Мунир Эртуг (Туркия)
ҚИЗЛАР
-78 кг: Барчиной Қодирова – Элиза Вроблевска (Польша)
-78 кг: Маржона Кўчимова – Александра Рьябченко (Россия)
+78 кг: Умида Ниғматова – Аида Тоишибекова (Қозоғистон)/Фернанда Куимбира (Ангола)
+78 кг: Ирисхон Қурбонбоева – Оксана Дьяценко (Молдова)
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА