Қаршидаги қурилиши тугалланмаган бино қулаши оқибатида вафот этган қурувчи шахси маълум бўлди
Юзага келган фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш учун тезкор штаб ташкил этилиб, тезликда вилоят Фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тузимларидан иборат куч-воситалар йиғилди.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 23 июнь куни соат 21.30 лар атрофида Қарши шаҳар И.Каримов кўчаси «Насаф Травел» меҳмонхонаси биносининг ўнг томонидан қўшимча қурилаётган 5 қаватли янги қурилиши якунланмаган бинонинг том қисмидаги том ёпма қурилмаси (бетон плита) қулаган.
Бу ҳақда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати билан боғланганимизда қуйидагиларни маълум қилди.
Аниқланишича қурилишда 5 нафар қурувчидан 4 нафари соғ-саломат ҳеч қандай тан жароҳати олмаган. Қурилишда ишчи бўлиб ишлаётган 1983 йилда Сурхондарё вилояти Бойсун туманида туғилган фуқаро Сатторов Сирожиддиннинг жасади олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари натижасида эрта тонгда 24 июнь куни соат 05:20 лар атрофида қулаган бино вайроналари остида қидириб топилди.

Юзага келган фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш учун тезкор штаб ташкил этилиб, тезликда вилоят Фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тузимларидан иборат куч-воситалар йиғилди.
Воқеа жойига Қашқадарё вилояти махсус вазифаларни бажарувчи ҳудудий махсус отрядидан 28 нафар қутқарувчи, 16 нафар ҳарбий хизматчи, 1 та махсус авария-қутқарув автомашинаси, 3 та Ёнғин ўчириш экипажлари, 1 та АСО, 1 та ЁТМ автомашинаси, 1 та ТБМ автомашинаси, 2 та автокран, 8 та юк ташиш техникаси, 2 та юкловчи, 1 та газ авария-тиклаш автомашинаси, 1 та тез тиббий ёрдам автомашинаси ва бошқа хизмат ходимлари жалб этилган.
Айни пайтда ҳолат бўйича Қарши шаҳар прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.