ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, хусусан, ташландиқ ерлардан оқилона фойдаланиш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Арнасой туманидаги “Бухоро” сув истеъмолчилар уюшмасидаги 1 минг 400 гектар ташландиқ ер майдони Хитойнинг “Bashiran Co., Ltd” компанияси томонидан ўзлаштирилиб, 500 гектарига замонавий техникалар ёрдамида ишлов берилиб, жорий йилнинг апрелида хитой чигити экилган эди. Сувдан оқилона фойдаланиш мақсадида қатор ораларига томчилатиб суғориш тизими ўрнатилиб, суғориш ишлари бошлаб юборилган.
Айни кунларда ғалладан бўшаган ер майдонларига ҳам тажриба асосида 90 кунлик чигит уруғи қадалмоқда.
- Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз тобора яхшиланиб бормоқда, - дейди Хитойнинг “Bashiran Co., Ltd” компанияси раҳбари Пенг Зоу (Peng Zhou). - Шу боис биз Ўзбекистонга келиб ҳамкорликда ишлашни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Айни кунларда Ғалладан бўшаган ер майдонларига хитой технологияси асосида пахта чигитини ерга қадаяпмиз. Бу албатта, ўзимизда синовдан ўтказилган ва яхши натижа берган. Шунинг учун Ўзбекистонда биринчи бор экишни бошладик. Ўйлайманки, бошлаган ишимиз ўз самарасини беради.
Ҳамкорлик асосида бошланган ишда нафақат ташландиқ ерлар ўзлаштирилаяпти, балки, қишлоқдаги ишсиз ёшларнинг бандлиги таъминланишига ҳам ҳисса қўшмоқда.
- Хитой инвесторлари билан ҳамкорликда бошлаган ишимиз келгусида туман иқтисодиётини ривожига, шу билан бирга аҳоли турмуш шароитини яхшиланишига хизмат қилади, - дейди Арнасой тумани ҳокими Одил Мусанов. - Жорий йилнинг апрель ойида мазкур компания вакиллари билан унумдорлиги юқори, аммо сув муаммоси борлиги сабаб фойдаланмай келинаётган ҳудудни кўрсатган эдик. Мана, ҳозир замонавий техникалар ёрдамида ерлар шудгорланиб, хитой чигитларини қадашга муваффақ бўлишди. Бунинг натижасини яқин кунларда кўрамиз.
[gallery-24152]
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ҳамкорликдаги ишлар, келгусида халқаро ишончни янада мустаҳкамлашга замин яратади. Арнасойда бошланган бу лойиҳа — ўз самарасини беришига ишонамиз.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА