Жиззах вилояти Давлат солиқ бошқармасининг Арнасой туман инспекцияси тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш шўъбаси ходимлари томонидан жорий йилда “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 7 ноябрь куни Президентимиз раҳбарлигида “Маҳаллий саноатни янада ривожлантириш борасида мавжуд имкониятлар ва янги захираларни сафарбар этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ўтказилган видеоселектор йиғилишида юклатилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида поёнига етиб бораётган 2022 йилнинг 11 ойи давомида янги очилган 154 та тадбиркорлик субъектининг юридик манзилига борган ҳолда раҳбар ва ҳисобчилар билан учрашиб, уларга солиқ маъмурчилиги юзасидан тушунтиришлар берилди.

Бундан ташқари, 1 минг 248 тадбиркорлик субъектининг муаммоси ўрганилиб, 620 тадбиркорлик субъектига солиқчилар томонидан амалий ёрдам кўрсатилди.
– Иқтисодий қийинчилик сабабли Арнасойдаги 206 та фаолият кўрсатмаётган корхонанинг юридик манзилига туман инспекцияси ходимлари борган ҳолда ўрганишлар ўтказди ва ушбу корхоналарни ўрганиш натижасида 5 та фаолиятсиз корхонани тиклаш истаги борлиги аниқланиб, ҳозирда бу корхоналарнинг фаолияти қайта тикланди, – дейди Жиззах вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Бегзод Тошпўлатов. – Жумладан, “RAIMOV MUXRIDDIN 2020” масъулияти чекланган жамияти 2020 йил 19 август куни давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, айланма маблағлари етишмаслиги ва янги тадбиркор бўлганлиги, тажрибаси камлиги сабабли иш юритишда қийинчиликларга дуч келиб, корхона фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган. Айни пайтда, мазкур МЧЖнинг фаолияти йўлга қўйилиб, 4 нафар ходим ишини давом эттирмоқда.

Туман марказидан 20 километр узоқликдаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ушбу МЧЖга қарашли савдо шохобчасида қурилиш моллари савдоси қайта йўлга қўйилганидан ташқари, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил этилган стол тенниси билан шуғулланадиган жой яна маҳалла ёшлари билан гавжум бўлди.
Бундан ташқари, “RAIMOV MUXRIDDIN 2020” МЧЖга қарашли ушбу объектда гўзаллик салони, компьютер хизмати фаолиятлари ҳам йўлга қўйилган.

– Арнасой туман давлат солиқ инспекцияси ходимларига раҳмат, – дейди “RAIMOV MUXRIDDIN 2020” МЧЖ раҳбари Муҳриддин Раимов. – Уларнинг маслаҳати ва амалий ёрдами билан тижорат банкидан 100 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағи олиб, бизнес режамизнинг 1-босқичида фаолиятимизни қайта тиклаб, ишни бошлаган бўлсак, 2-босқичда ишни янада кенгайтириб, маҳалла аҳли учун қулайликлар ва янги иш ўринлари яратишни мақсад қилганмиз.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА