Армрестлинг: “Долзарб 90 кун”даги мусобақалар спорт байрамига айланмоқда
Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш, спорт клублари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш орқали оммавий спорт ҳаракатини кенгайтиришга қаратилган фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш борасида ҳудудларда бир қатор спорт клублари фаолияти йўлга қўйилди.
Биргина Ўзбекистон армрестлинг федерацияси томонидан ёшларни спортга кенг жалб этиш, иқтидорли спортчиларни кашф этиш ва соғлом турмуш тарзини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида ўтаётган йилнинг 6 ойи давомида ҳудудларда 20 га яқин спорт клублари ташкил этилиб, “Долзарб 90 кун” доирасида маҳаллаларда, болалар оромгоҳларида, истироҳат боғларида армрестлинг бўйича оммавий спорт мусобақалари ўтказиб келинмоқда.
Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманининг «Гул» маҳалла фуқаролар йиғинида армрестлинг ва пара-армрестлинг бўйича “SHERZODARM” спорт клуби соврини учун ўтказилган республика турнири ёшлар учун катта синов, аҳоли вакиллари учун чинакам спорт байрами кўринишини олди.

– Спорт ҳаракатини, хусусан қўл билан куч синашадиган армрестлинг спорт турини янада оммалаштириш бўйича кўплаб мусобақалар ўтказилдики, бу, иқтидорли ёшларни саралаш билан бирга одамлар орасида соғлом турмуш тарзини кенг ёйишга хизмат қилмоқда. Биргина “Долзарб 90 кун” тадбирлари давомида минг-минглаб ёшлар, имконияти чекланган инсонлар оммавий спорт машғулотлари билан қамраб олинди, – дейди Ўзбекистон армрестлинг федерацияси раҳбари Қурбон Қоношев.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан маҳоратли спортчи ва пара-спортчилар, ҳаваскорлар иштирок этган мусобақалар якунида Лазизбек Авазбеков, Умид Жаксибоев, Абдулла Абдумўминов, Женгисбек Суяров, Муҳриддин Абдухолиқов, Асилбек Мирзахматов сингари спортчилар ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан медаллар, дипломлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т. Рўзиев, ЎзА